French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сафо Муғанний ким бўлган?
17:50 / 2020-08-27

У отасидан эрта етим қолади. Улғайгач бойлар хонадонида хизмат қилади.

31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

“Ёш хиваликлар”нинг фаол аъзоларидан бири бўлган Сафо Муғанний нафақат санъат, маданият ходими, балки жамиятни ислоҳ қилиш, давлат бошқарувини такомиллаштиришда фаол иштирок этган инсонлардан бири эди.

У отасидан эрта етим қолади. Улғайгач бойлар хонадонида хизмат қилади. У Хива хонлигига қарашли Гандумкон қишлоғилик бўлгани учун шу ерлик маърифатпарвар Соҳиб Назарбой хонадонида ишлаб, саводини чиқариб, созандалик сирларини ўрганади. Моҳир созанда ва бетакрор овоз соҳиби сифатида Сафо Оллобергановнинг номи танила бошлади. Феруз саройига Сафо Муғаннийни вазир Акбар Исломхўжа олиб келади.

Сафо Муғанний хонлик ағдарилиши билан тараққийпарвар инсон сифатида инқилобни қўллаб-қувватлади. У инқилобдан асрий қолоқлик ва жаҳолатдан қутулиш учун буюк бир имконият, деб умидвор бўлди. 1920 йил баҳоридан у большевиклар қизил аскарлари сафига хизматга кирди. 1921 йил 6 мартда Полвонниёз ҳожи Юсупов тантанали тарзда Сафо Муғаннийни компартия аъзолигига қабул қилди. Бироқ орадан кўп ўтмай Сафо Муғанний ҳам бошқа “Ёш хиваликлар” сафдошлари қаторида қаттиқ янглишганини англаб етди.

Хоразмда ўзининг ҳокимиятини мутлақ мустаҳкамлаб олганига ишонч ҳосил қилган большевиклар энди воҳада ўзи истаган сиёсатини юритиб, Шўро ҳукуматига қарши ҳар қандай инсонни йўқ қила бошлади. Улар ҳокимиятни тўлиқ қўлга киритиш мақсадида турли фитналарни авж олдирди. Туркман, қорақалпоқ каби қардош халқлар билан азалий низолар авж олдирилди. Бу йўлда қон дарё бўлиб оқа бошлади. Алалоқибат, ҳар бир ишнинг сўнггида большевиклар ғалабаси таъминланди. Табиийки, халқ турмуш тарзи ниҳоятда оғирлашди. Натижада аҳоли ўртасида даҳшатли қўрқув вужудга келди. Қизиллар томонидан бутунлай қириб ташланиши мумкинлиги хавф сола бошлади. Шундай шароитда Сафо Муғанний 1921-22 йилларда ХХСР маориф нозирлигида маданият бошқармаси бошлиғи, бир муддат Хазорасп тумани партия қўмитаси котиби (райком) лавозимларида ишлади. Шунингдек, Хоразм округи ер шуъбасининг раиси бўлиб, воҳада шўро ер-сув ислоҳотларини ўтказиш ишларига бош-қош бўлди.

photo_2020-08-27_17-53-28.jpg

Шу йилларда ўзининг Гандумкон қишлоғидаги 9,5 таноб еридан давлат ҳисобига воз кечади. Урганч тумани ижроия қўмитаси раиси бўлган йилларда Хоразм диёрининг фидойи ватанпарвар фарзандларидан бири сифатида ҳар бир сиёсий тадбирларда иштирок этган. Ҳукумат ишини халқ манфаатлари билан уйғунликда олиб борди. Унинг эл-юрт ўртасидаги юқори обрў-эътибори баъзи совет маъмурларининг ҳасадига сабаб бўлди ва компартиянинг навбатдаги “тозалаш”(чистка)ида Сафо Муғаннийнинг масаласи кўриб чиқилди. Унга инқилобдан аввал хон саройида хизмат қилгани асосий айб сифатида қўйилди. Унинг масаласини муҳокама қилганлар иллат қидирдилар. Мажлис якунига кўра, у ҳукумат ишида ишламаслик шарти билан партия сафидан ҳайдалди. Сафо Муғанний шундан сўнг қолган ҳаётини санъатга бағишлайди. Хоразм округ театрида режиссёр, ўқитувчилик вазифаси билан шуғулланган. Дарҳақиқат, Сафа Муғанний ўта ғайратли ва иқтидорли инсон эди. Ундан “6 март”, “Хуш келдингиз, Хоразмга” каби кўплаб қўшиқлар ва шеърлар қолган. Унинг бизга қадар етиб келган шеърларида маърифатни улуғлаш, Хоразм аҳлининг нурли келажагига умид, ёшларни миллат ва Ватан бахт-саодати йўлида ишлашга даъват оҳанглари устуворлик қилади.

Унга 1936 йил “Меҳнат Қаҳрамони” ордени берилди. Айрим манбаларга қараганда, Ҳамзанинг “Саодат” мусиқали драмасига куй басталаган. Сафо Муғаннийни яна бир Хоразм булбули Мадраҳим Шерозий билан қиёслашар эди. Аслида Сафо Муғанний Шерозийга нисбатан ўз ижодий фаолиятини анча илгари бошлаган ва анча машҳур шахс эди. Қолаверса, уларнинг ижод йўналишлари ҳам бир-биридан кўп жиҳатдан фарқ қиларди.

1937 йил. Шўролар тарихида “Катта қирғин” номи билан муҳрланган машъум сана. 1937 йил 27 август куни Хоразм воҳасининг бошқа кўплаб азиз фарзандлари қаторида Сафо Муғаннийни ҳам қамоққа олиш тўғрисида ордер битилди. Эртаси куни у яшаган уйда тинтув ўтказилиб санъаткорга тегишли барча моддий ва маънавий бойликлар хатланиб, олиб кетилди.

Сафо Муғанний: «Мен 1920-29 йиллар давомида компартия сафида бўлдим, ҳеч қачон аксилинқилобий кайфиятда бўлган эмасман. Айниқса, “Озод Туркистон” номли аксилинқилобий ташкилотни эшитган ҳам эмасман», деб жавоб берган. У ҳеч бир айби ёзилган қоғозга имзо чекмаган. Унинг бу қатъияти совет жазо ташкилоти томонидан инобатга ҳам олинмади. Кўп ўтмай Сафо Муғаннийнинг аксилинқилобий ташкилот аъзоси эканлиги тўғрисида айблов баённомаси ҳам тасдиқланди. Ҳатто, 1937 йил 28 ноябрь куни Хоразм НКВД қошидаги машъум “Учлик” унинг ўзисиз Сафо Муғаннийни ЎзССР ЖК 66-моддаси, 1-банди билан айблаб, 10 йил МТЛ (Меҳнат тузатиш лагери) жазосига ҳукм қилган.

Хоразм вилояти судида 1958 йил 19 апрель куни Сафо Муғанний иши кўриб чиқилиб, у оқланган.

Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.