Ватан йўлида ҳалок бўлган мард фарзандлар хотираси ҳеч қачон унутилмайди. Хотирани ардоқлаш — унинг руҳи олдида қарз, тириклар учун эса ибратдир.
Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари ана шундай жасур сафдош — Акмал Аъзамов хотирасини ёд этиш мақсадида унинг оиласига ташриф буюришди.

– Акмал ака хизматга сидқидилдан ёндашар, юрагида Ватанга муҳаббат ва бурчига садоқат билан яшарди, – дейди Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш шуъбаси бошлиғи Ахрор Исматуллаев. – У хизмат вазифасини бажариш вақтида, 2002 йил 7 май куни темир йўл платформасидаги юкларни божхона кўригидан ўтказиш вақтида юқори кучланишли электр токи уриши оқибатида ҳалок бўлганди. Бугун уни ёд этиш, оиласига меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш орқали биз ҳам сафдошимизнинг руҳи олдидаги бурчимизни адо этяпмиз.

Хотира тадбири чоғида марҳумнинг отаси — меҳнат фахрийси ва педагог Афзалжон Мирзақулов ҳам юраги тўлиб сўзлади:
– Ўғлим Ватан йўлида ҳалок бўлди. Аммо унинг хотираси ардоқда эканини кўриб, юрагимга ором кирди. Хизматдошлари уни унутмаётгани биз, ота-оналар учун энг катта тасалли. Бундан бошимиз кўкка етди.

Учрашувда Акмал Аъзамовнинг жасорати, садоқати ва фидокорона хизмати яна бир бор юксак эътироф этилди. Оила аъзолари билан самимий мулоқотда бўлинди.

Бу ташриф — юртимизда хотирани улуғлаш, сафдошларга садоқат ва инсонпарварлик каби эзгу қадриятлар ҳаётимизда чуқур илдиз отганининг ёрқин тасдиғидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири