Гап Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги 51-умумтаълим мактаби ҳақида бормоқда.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, жамоат арбоби Сафар Остонов Олчинтепа қишлоғида яшаб, шу ердаги мактабда ўқиган.
Етуклик аттестатини олгач, Тошкент давлат университетига ўқишга кирган ва шу билан ҳаёти пойтахтга боғланган. Қарийб эллик йил журналистика соҳасида, давлат идораларида меҳнат қилди. “Спорт”, “Ўзбекистон футболи”, сўнгра “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталари таҳририятларида бош муҳаррир лавозимларида ишлади.

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ташаббуси билан яқинда ижодкор таҳсил олган мактабда Сафар Остонов хотирасига бағишланган махсус бурчак ташкил этилган, келгусида музей очиш режалаштирилган эди.
Куни кеча мактабда Спорт вазирлиги ва унинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ижодкор хотираси ёд этилиб, ўқувчиларга спорт жиҳозлари ва кийим-кечаклар совға қилинди.
Тадбир қатнашчилари ушбу мактаб ўқувчилари орасидан маҳоратли спортчилар етишиб чиқишига умид билдирдилар.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири