Узилмаган ўқ
Қишлоқдан ота-онам, синглим, тоғалар, қайнукалар келишган. Эртага туғилган куним. Тадорик одатдагидан бошқача. Дадамнинг яқинда оғир жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган 45 йиллик курсдошини кўргиси келди. Йўқлаб бордик. Мириқиб суҳбатлашишди. Гап мавзуси Қорақалпоғистон Республикасига бурилди. 70 ёшга яқинлашган зиёлилар вазиятни ақл тарозисига солиб, не-не хотираларни ёдга олиб, муҳокама қилишди.
Хайрлашиб, ортга қайтаётганимизда ишхонадан қўнғироқ бўлди. «Йиғин» сигнали бўйича ҳамма етиб бориши керак эди.
Бир лаҳзада туғилган куним, қадрдонлар дийдори унут бўлди. Ўша куни ҳамкасбим, катта лейтенант Орифжон Мамажонов билан Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафарига боришимиз ҳақида буйруқ олдим.
Сафар олдидан уйга қайтдим. Соат 14:00 да поездимиз ўз жойидан жилиши керак.
I гуруҳ ногирони бўлган отам, онажоним хавотир олмасликлари учун Навоий вилоятига шошилинч кетаётганимни айтдим. Оқ фотиҳаларини олиб, йўлга тушдим.
Ҳамкасбим Орифжон билан Сибир совуқларини бирга енгганмиз. Қадрдон ҳамроҳ. Самарқандгача тик оёқда гаплашиб кетдик. Йўлолди қалбимизни чулғаган нохуш хавотир нари кетгандек бўлди.
Купеда қорақалпоқ ҳамроҳлар билан бирга тушиб қолдик. Улар бизни «бовурларим» деб яхши кўрди. Биз эса, «оғаларимиз» деб қалбимизни очдик. Ўз шаҳар, овулларига хавотир билан ошиқаётган ҳамроҳларимиз, бузғунчи кучлар шунча одамнинг ҳаловатини бузганини, эт билан тирноқни ажратмоқчи бўлганларни айтиб, бошларини сарак-сарак қилишарди. Улардаги самимиятдан, вазиятга тўғри ёндашувдан анча дадилландик. Етиб боришлари билан маҳалла-кўйга ўзларининг фикрларини етказишга, одамларни тинчлантиришга ваъда берди. Назаримизда улар биздан хижолат эди.
Темир йўл вокзалида бизни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи подполковник Темур Нарзиев кутиб олди.
Тинчлик, саломатлик қаршисида қолган ҳамма нарса жуда майда бўлиб кўринарди. Ана шу бебаҳо осойишталикни сақлаш, оломонга шикаст етказмасдан тарқатиш оғир вазифа эди. Қолаверса, уларни тинчлантиришга чиққан ҳарбий хизматчиларга ҳар қандай ҳолатда ҳам биттаям ўқ узмаслик, одамлар қурбон бўлмаслиги вазифаси қўйилганди.
Тартиббузарликлар тарқагач, Ватан ҳимоячиларининг чексиз мардлиги ва ботирлигини қанча мадҳ этсак шунча камлигини тушуниб етдим.
Асли бухоролик контракт бўйича ҳарбий хизматчи ҳарбий госпиталда даволанар экан, оломон улардан 10 нафарини гаровга олганини босиқлик билан гапириб берди.
– Ёнимизда қурол бор, аммо ишлатишга рухсат йўқ. Юзлаб одамлар қўлларимизни қаттиқ қайириб, ҳарбий либосларимизни ечиб олди. Кийимларимиз ва гувоҳномаларимизни бир жойга йиғиб, ловуллатиб ёқиб юборишди. Бизни ҳам оловда куйдириш мақсадида устимизга бензин сепишди. Учқун чиқараётган чоғларида қаердандир бир қорақалпоқ аби пайдо бўлди. У арслондай ҳайқирганча ўзини бизнинг устимизга отди. Унинг тезкор ҳаракатлари оломонни бир муддат шокка солиб қўйди. Қаердандир топиб келиб, сув сепди.
Фарҳоджоннинг бошқа гаплари қулоғимизга кирмайди. Уларни қутқариб қолган, элликдан ошган, эшик ортида турган қорақалпоқ амакини ёнига ҳол сўрагани, фикрини қаламга олгани кирамиз. Нигоҳларимиз, камералар уларнинг кўзларига қаратилган. Хоҳ ишонинг, хоҳ йўқ, улар ота-боладек кўзда ёш билан қучоқлашиб қолишди. Енгил тортдик.
– Нечта фарзандингиз бор?
– 2 қиз, 1 ўғил.
– Энди сизнинг 2 нафар ўғлингиз бор, – деймиз енгил ҳазил билан. – Набираларингиз ҳам бор.
Кейин ётоқхонага қайтамиз. Калитни узатган қорақалпоқ аёл сўрайди:
– Тошкентдан келдиларингма?
– Ҳа, 4-5 кун бўлди.
– Болаларим, мен халқим номидан сизлардан жуда хижолатман. Қанча одамнинг ҳаловати бузилди. Шунча ишнинг орасида Президентимиз икки маротаба Нукусга келиб-кетдилар. Эътибор қилган бўлсаларинг, ташқи кучлар асосан ёшларни чалғитишган, биз ўзбек халқидан ёмонлик кўрмаганмиз ва доим бирга яшаганмиз, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Холанинг жисму жонидан чиқаётган бу гапларини тинглаб, кўнглимиз таскин топди.
Шундай синовли ва мураккаб дамларда фаоллик кўрсатган ўз жонини ҳам аямай ҳаракат қилган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларни мудофаа вазири номидан тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Биз билан бир сафда турган қоракўз аскарларимизнинг жанговар руҳи, алплардек шижоати, ўзига бўлган мустаҳкам ишончидан қалбим тўлқинланиб кетди. Жонажон Ватани тинчлиги учун ўз жонини хавф остида қолдирган, жонбозлик кўрсатган ҳарбий хизматчиларга қараб чексиз фахрландим.
Бундай салоҳиятли, зуваласи пишиқ аскарларимиз бор экан, четдан туриб фитна ва фасод қўзғовчи, миллатлараро тотувликка рахна солувчи ёт кучлар ўзларининг ёмон ниятларига, турли «раҳнамолари»нинг «узоқни кўзлаган» мақсадларига ҳеч қачон эриша олмасликларига яна бир маротаба иймон келтирдим.
Капитан Азиз НОРҚУЛОВ,
«Ватанпарвар» газетаси мухбири,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
ЎзА