Бухоро давлат университети филология факультетида Садриддин Салим Бухорийнинг “Танланган асарлар” китоби тақдимоти ўтказилди. Унда таниқли шоир-ёзувчилар, маданият ва санъат ходимлари, Садриддин Салим Бухорийнинг оила аъзолари, шогирдлари, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Тақдимотда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими раҳбари Шодмон Сулаймон сўзга чиқди. Таъкидланганидек, Садриддин Салим Бухорий ҳаётлик чоғидаёқ халқ кўнглидан мустаҳкам жой олган. “Меҳнат шуҳрати”, “Фидокорона хизматлари учун” юксак мукофотлари билан тақдирланган. Шоир, олим, таржимон шахси, ижоди ва унинг инсоний фазилатлари, миллий ўзликни англаш бобида қўшган беқиёс хизматлари тўғрисида илиқ фикрлар билдирилди.

Таниқли ёзувчи О. Эргашев Садриддин Салим Бухорийнинг “Танланган асарлари” ни нашрга тайёрлаш жараёни ва марҳум адибнинг юксак хислатлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида, “Sharq” нашриёти томонидан 1000 ададда чоп эттирилган. Унда муаллиф қаламига мансуб шеърлар, таржималар, бадиалар, публицистик мақолалар жой олган.

Тадбирда янграган, шоирнинг “Танланган асарлари” дан жой олган шеърлари, насрий асарларидан намуналар, улар асосида Бухоро давлат университетининг филология факультети талабалари томонидан тайёрланган мусиқий гулдаста улуғ шоир ижодий меросига ўзига хос эҳтиром намунаси бўлди.
Тасаввуфшунос Салоҳиддин Гадоев шоир шеърларидан ўқиб, уларнинг сермазмун шарҳларини тақдим этди.
Тадбирда Садриддин Салим Бухорийнинг умр йўлдоши Моҳира Салимованинг “Ёруғлик одами” китоби меҳмонларга совға қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА