Жадид матбуотининг йирик нашрларидан бири — 1914 йил 3 апрелдан чиқа бошлаган “Садои Фарғона” газетасидир. Қўқон шаҳрида чоп этилган газетанинг эгаси ва муҳаррири тоғ-кон муҳандиси Обиджон Маҳмудов бўлиб, газета унинг хусусий матбаасида босилган.
Газета Туркистон жадидларининг таълимни ислоҳ этиш ғоясини бош масала сифатида ўз олдига қўйди ва “усули жадида” мактабларини тарғиб этди.
“Садои Фарғона”нинг 44-сонида “Бухорода мактаблар ёпилмоқда” номли мақолада 1914 йил 5 июль, шанба куни Бухоро қозикалони ва қушбегисининг Бухорода 3 та (Говкушон — 70 нафар ўқувчи, Бозори Кафш — 20 нафар, Лабиҳовуз — 35 нафар) янги усул мактабини ёпиб, ўқитувчилардан хат олгани маълум қилинади. Муаллиф кўчада қолган болаларнинг йиғлаб юргани ҳақида ёзади. Туркистон ўлкасидаги тараққийпарварлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаб, Туркманистоннинг Челикин овулида очилган жадид мактаби муваффақиятларини, Кошғарда очилган жадид мактаби ҳақида хабар беради.
“Садои Фарғона” саҳифаларида олий таълим муаммолари, айниқса, мадраса таълимини ислоҳ этиш билан боғлиқ мунозараларга кенг ўрин ажратилган.
“Садои Фарғона” ўз саҳифаларида сиёсий хабарларга ҳам кенг ўрин берган. Муҳими, бу материаллар тўғридан-тўғри мустамлакачи манфаатини эмас, аксинча, Туркистон халқларининг қизиқишларини ҳам ифода этган.
“Садои Фарғона”нинг сўнгги 123-сони 1915 йилнинг 6 июнида чоп этилади. Газета ўз даврининг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий, маиший муаммоларини дадил кўтара олган нашр сифатида ўзбек журналистикаси тарихидан муносиб ўрин эгаллади. Туркистондаги бошқа жадид газеталаридан “Садои Фарғона”нинг яна бир фарқли жиҳати шу эдики, у ўзининг саҳифаларида уламолар учун ҳам кенг ўрин берди ва ҳеч қачон кескин зиддиятга сабаб бўлувчи мақолаларни чоп этмади. Мана шу мўътадил сиёсати туфайли газета Туркистон уламоларининг ҳам, жадид тараққийпарварларининг ҳам бирдай севимли минбарига айлана олди. Иккинчи томондан, газета ижод аҳли учун ҳам кенг ўрин ажратди. Газета саҳифаларида Сўфизода, Тавалло шеърлари, ёш Чўлпон, Иброҳим Давроннинг илк ижодий намуналари нашр этилди. Айтиш мумкинки, “Садои Фарғона” кейинчалик Туркистондан кўплаб ижодкорлар, журналистлар етишиб чиқишида ҳам катта роль ўйнади. “Садои Фарғона” ўз саҳифаларида сиёсий ахборотлар учун ҳам кенг ўрин ажратган. Бу материаллар, асосан, Биринчи жаҳон уруши билан боғлиқ бўлса-да, Туркистон жадидларининг муайян мақсадларини ифодалаши билан аҳамиятга моликдир. “Садои Фарғона” ўз даврида халқимизнинг сиёсий онгини, сиёсий маданиятини оширишда бемисл хизмат қилди. Кейинчалик илк сиёсий ташкилотлар, сиёсий партияларнинг пайдо бўлишида жуда катта роль ўйнади.
Батафсил
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Ov2pqTqSBm8" title=""Sadoi Farg`ona"ning hur sadolari " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА