Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Садои Фарғона” газетаси нашр этилганига 110 йил тўлди
18:14 / 2024-04-16

Фарғонада “Садои Фарғона” газетаси илк сони чоп этилганининг 110 йиллигига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси фаоллар залида “Садои Фарғона” газетасининг миллий матбуот шаклланиши ва жадидчилик ҳаракатидаги ўрни” мавзуидаги Республика илмий-амалий конференциясининг асосий тадбирлари ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги ҳамда Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда республикамиздаги қатор оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, олий ўқув юртлари, Фанлар академияси тизими вакиллари, адабиётшунос ва тарихчи олимлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, марказий оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, устоз ва таниқли журналистлар иштирок этди.

XIX асрнинг иккинчи ярмида юртимизга бугунги газета кўринишидаги ахборот воситаси олиб келинган эди. 1870 йиллардаёқ “Туркестанский вестник”, унинг ўзбекчаси – “Туркистон вилоятининг газети”, ХХ асрнинг биринчи ўн йиллигида жадидларнинг “Тараққий”, “Хуршид”, “Шуҳрат” газеталари пайдо бўлди. Кейинроқ Самарқандда “Самарқанд” (1913), Тошкентда “Садои Туркистон” (1914) газеталари чоп этила бошлади. Фарғонада эса жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири, ҳам ижодкор, ҳам тадбиркор инсон Обиджон Маҳмудовнинг фидойилиги натижасида “Садои Фарғона” газетасига асос солинди. Унинг биринчи сони 1914 йил 3 апрелда чоп этилган. 

[gallery-16954]

– Бугунги анжуманнинг мақсад-муддаоси Фарғонада чоп этилишни бошлаган биринчи газетанинг санасини аниқлаш, Фарғонада газетачилик, матбуот пайдо бўлганига бир асрдан зиёдроқ вақт бўлганини таъкидлашгина эмас, балки босма ОАВнинг ўша пайтдан буён давом этиб келаётган асосий миссияси, жамият тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини очиб беришдан ҳам иборат. Шу маънода ушбу конференциянинг долзарблиги беқиёс, – дейди филология фанлари доктори, профессор Хуршид Дўстмуҳаммад. – Барча қатнашчилар миллий матбуотимиз ва унинг тарихий тараққиёти, жадидчилик ва матбуот ҳамкорлиги, даврлар силсиласида матбуотнинг юрт ва миллат тараққиётидаги ўрни хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Қимматли маълумотлар улашилди.

Дарҳақиқат, дастлаб маърифатпарвар жадидларимиз халқимиз турмуш шароитини, маънавий ҳаётини юксалтириш, дунёдаги тараққий этган миллатлар қаторига олиб чиқиш мақсадида газетадан фойдаланишган бўлса, маълум даврда у шўро ҳокимиятининг тарғибот воситасига ҳам айланди. Бу газета таҳририятида Ашурали Зоҳирий, Ҳамза, Чўлпон каби маърифатпарварлар хизмат қилишган, бир аср мобайнида “Садои Фарғона”, “Эл байроғи”, “Меҳнат байроғи”, “Фарғона”, “Янги Фарғона”, “Коммуна”, “Олтин водий”, “Фарғона ҳақиқати” деган номлар остида чоп этилган. 

Илмий-амалий конференция кўтаринки руҳда ўтди. Тадбир давомида узоқ йиллар ушбу таҳририятда меҳнат қилган фахрий журналистлар муносиб тақдирланди. Бир пиёла чой устида ҳам давом этган баҳсу мунозаралар анжуман якунида ташкил этилган концерт дастурига уланиб уланиб кетди.

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири