Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саъд Ал-Бухорий: Ўзбек урф-одати ва қадриятлари – одоб-ахлоқ элчиси
14:51 / 2025-12-02

– Биз, Иорданияда яшовчи ўзбеклар, Ўзбекистон Президенти томонидан Конституциянинг 33 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва фуқароларни қомусимизда акс этган эзгу қадриятлар атрофида бирлаштиришга қаратилган ахлоқий ва маданий тадбирлар ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусни илиқ кутиб олдик, – дейди Иорданиядаги хайрия жамияти раҳбари, адвокат, ҳуқуқий маслаҳатчи Саъд Ал-Бухорий. – Зеро, “Конституция – инсон қадри, эркинлиги, тенглик ва адолат гарови!” деган бош ғоя ҳар биримизнинг қалбимиздаги фахр туйғусини яна бир бор жунбишга келтирди.

Янги Конституцияда мустаҳкамланган халқ суверенитети, инсон қадр-қиммати, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик каби асосий тамойиллар бугун юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда аксини топган.

Дарҳақиқат, инсон қадр-қиммати ва эркинлиги ҳар қандай миллат кучи асосини ташкил этади. Жумладан, Янги Ўзбекистонда ҳам қонун устуворлигини таъминлаш адолатнинг асосий шарти сифатида қабул қилинган. Шу тариқа демократик давлат, очиқ ва адолатли жамият қуриш учун мустаҳкам пойдевор яратилди.

Қомус бу йўлда чинакам кашшоф қонунга айланди. Хусусан, ушбу қадриятларни мужассам этган 13-модда инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари энг олий қадрият эканлигини тасдиқлайди – бу ҳақиқат тўрт авлод мисолида сақланиб келмоқда.

 

Аммандаги Ал-Бухорий бозори ва ўзбек жамоаси тарихи

Ўнлаб йиллар олдин Ўзбекистондан Иорданияга кўчиб келган ўзбек савдогарларининг тижорий анъаналари ва ахлоқий қадриятлари изларини Ҳожи Камолиддин Ал-Бухорий томонидан 1934-1938 йиллар оралиғида Амман марказида, Ал-Ҳусайний масжиди яқинида ташкил этилган бозорда кўриш мумкин. Ушбу мажмуа 1942 йил муфтий биноси рўпарасидаги ҳозирги жойига кўчирилган.

Иорданиядаги мазкур илк тижорат бозори ҳалоллик, шериклик ва жамоавий иш тамойили асосида фаолият юритган. Ҳар бир янги савдогарга ўз бизнесини бошлаш учун дўкон берилган. Натижада бу маскан савдо ва ҳунармандлик марказига айланиб, пойтахтнинг ишонч ва сифатга таянган обрўсини мустаҳкамлашга ҳисса қўшган.

Бухорий оиласи 1928-1936 йиллар оралиғида Амман булоғи яқинида яшаган. Кейинчалик сулола Сурия, Фаластин ва Миср маҳсулотларини Тайпей, Гонконг, Корея каби давлатлар бозорига олиб чиқишни йўлга қўйган.

Ҳалоллик, тақво ва бошқа инсонийлик тамойилларига риоя этиш ўзбек савдогарларига Иордания ва араб дунёсида обрў-эътибор қозониш, Иордания жамияти билан уйғунлашиш га ёрдам берди.

 

Маданий ва замонавий жиҳатлар

Иорданиядаги ўзбек жамоаси тили, маданияти, урф-одати ва анъаналарини сақлаб қолишга ҳамон содиқ. Бухорий бозори миллатимизнинг тарихи, савдо анъаналаримизни акс эттиради. Бу даргоҳда анъанавий кийимлар, мерос сандиқлар, антиқа мусиқа асбоблари, турли соҳаларга оид асбоб-анжом ва бошқа ҳунармандлик маҳсулотларидан ташқари, ханжар, қимматбаҳо тошлар, ибодат мунчоқлари, мис буюмлар ва анъанавий ҳунармандлик буюмларини топиш мумкин.

Бухорий жамияти раҳбари Саъд Ал-Бухорий Иорданияда миллий маданиятимизни намоён этиш, ўзбек палови, сомса ва манти каби турли анъанавий таомларни тақдим этиш учун “Anne Bukhari” биринчи ўзбек ресторанини очди.

– Ватанимиз билан боғлиқ янгиликларни мунтазам кузатиб борамиз, – дейди фаол ватандошимиз. – Ўзбекистон раҳбариятининг Иордания билан муносабатни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракати, жумладан виза талаби бекор қилиниши, кўплаб шартномалар имзоланиши бизни беҳад қувонтирди.

ЎзА мухбири Муҳаррама Пирматова ёзиб олди.