English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сабзими, ёки “олтин қозиқ”? (+видео)
20:21 / 2023-11-17

Бу йил Тошлоқ тумани учун ҳар соҳада муваффақиятли келди. Шу кунгача тадбиркорлар томонидан ўндан ортиқ саноат корхоналари қуриб фойдаланишга топширилди. Бир пайтлар қишлоқ хўжалик кўрсаткичига боғланиб қолган туман энди вилоятнинг саноати ривожланган ҳудудларидан бирига айланди. Қолаверса қишлоқ хўжалигидаги ютуқлар ҳам салмоқли.

171,5 тонна хом пилла ва яна 34,5 тонна уруғлик пилла олинди. Буғдой хирмонларга тўлиб тошди. Ишлаб чиқариш кўрсаткичи - ҳар гектаридан 82 центнер. Пахтачиликда тажрибали бўлган деҳқонлар бу йил ҳосилдорликни 45 центнердан оширдилар.

Ғалладан бўшаган такрорий майдонларни эса деҳқонларга танлов асосида бердилар. Келинг, гапнинг индолласини айтайлик: шу кунларда Тошлоқ туманидаги ҳар бир маҳаллада минглаб тонна сабзи ковлаб олиняпти. Хонариқ маҳалласи сабзига “ихтисослашган” деса ҳам бўлади. Улар ҳатто уруғни ҳам ўзлари тайёрлайди. Бу йил 1802 килограм уруғ ғамладилар.

- Маҳалламиз ҳудудидаги фермер хўжаликларига тегишли 640 гектар майдонга такрорий экин сифатида сабзи экилганди, бугун улар пишиб етилди, - дейди Хонариқ МФЙ раиси Рўзибой Мирзаев. – Ҳозир, ковлаш мавсумида маҳалламиздаги мингга яқин вақтинча ишсиз фуқаролар мавсумий иш билан банд бўлишди.

Маҳалладаги “сабзичи”лар ўтган йили 21 минг тонна ҳосил олиб, муносиб даромадга эга бўлгандилар. 783 та хонадоннинг ярмидан кўпида ғалладан бўшаган майдонларда сабзи етиштирилди.

- Учта ака – укамиз. Ўтган йили 5 гектар сабзи экдик. Гектаридан 30 тоннадан ҳосил олгандик, - дейди Мухторжон Хаитов. – Бу йил эса 8 гектарга экдик. 30 та ҳамқишлоқларим ишлаяпти. Иш хақини вақтида тўлаяпман. Ҳосилнинг 70 тоннасини  совуқхонага қўйиб, қолганини ички бозорга сотяпмиз.

“Зарча”, “Цилиндр”, “Яримцилиндр” каби сабзи навларини қайта ишлаш корхоналари олиб ундан шарбат қадоқлаяпти. Айтишларича, айниқса “Зарча” навли сабзи B, C, D каби витаминларга тўйинган экан. Шерали Абдуназаров ҳам шу навдан эккан.

- Об-ҳаво зўр келди, шундан унумли фойдаландик, - дейди Шерали Абдуназаров. – 8 гектарнинг ҳар гектаридан 40 тоннадан ҳосил оляпмиз. Хусусий совуқхонамиз бор, унга жойлаяпмиз. Январ – феврал ойларида экспорт қиламиз.

Хонариқ маҳалласи аҳолиси, нафақат улар, “сабзичи” барча тошлоқликлар даромадни чўтладилар. 1 гектардан ўртача 30 тонна сабзи энг арзон – килоси бир ярим минг сўм бўлганида ҳам 45 миллион сўм даромад олинади. Ёки, ҳаражатдан ташқари камида 20-25 миллион сўм. Бу бугуннинг нархи. Агар уни совуқхонада сақлаб кейинроқ сотсалар-чи? Ҳа, меҳнат келтирмоқда бундай бойликни.

- Ўтган йилги ҳосилдан Қирғизистон, Россия, Қозоғистонга 10 минг тонна сабзи экспорт бўлганди. Бу йил уни икки баробар оширамиз, - дейди Рўзибой Мирзаев.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Qb-6yibQo10" title="Сабзими, ёки “олтин қозиқ”?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов

Тасвирчи: Элёр Олимов