Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сабр-матонат ва жасорат эгаси
14:18 / 2022-10-15

Бухоро вилояти Жондор тумани Демун маҳалласида яшовчи Илҳом Орипов 4–5 ёшида таянч ҳаракат аъзолари, яъни оёқларида суяк емирилиши бошланиб, юролмай ётиб қолган.

– Ўқитувчилар оиласида туғилганман, – дейди Илҳом Орипов. – Отам Исмоил Ниёзов, онажоним Мамлакат Ориповалар қишлоғимиздаги мактабда дарс беради. Оёқларимдаги касаллик сабабли улар мени ёшликдан асраб-авайлаб, кези келганда ҳунар ўргатиб вояга етказди. 1982 йил 21 ёшимда Тошкентдаги (ПТУ) техникумга ўқишга борганман. Уч йил давомида эркаклар костюм-шимини тикишни ўргандим. 1985 йилда уйга қайтиб Жондор тумани марказидаги маиший хизмат уйи артелида ишладим. Шу орада эркаклар костюм-шимини бир неча андозада тикиш–бичишни ўзлаштириб, мижоз орттирдим.

Бошига тушган ғамдан эсанкираб қолмаган йигитнинг пойтахтга бориб, ҳунар ўрганиб қайтишининг ўзи катта жасорат. У гарчи болалигида оёқларини бой берган бўлсада, ақл-тафаккури теранлигини ҳаёти давомида исботлаб келаётган сабр-матонатли инсон. Ҳунарини ардоқлагани, игна-ипини қўлидан қўймай, тикув машинкаси олдидан нари кетмай, ўз таъбири билан айтганда, “эрмаги билан машғуллиги” туфайли маҳаллада “Уста Илҳом” номини олган.  

Мана кўп йиллик астойдил меҳнат, изланиш, ҳаракат билан кези келганда, етти мучаси соппа-соғ одамларга яққол намуна қилиб кўрсатса арзигулик даражага етди. Таъбир жоиз бўлса, ночорликдан ўзига чора излаган ва ҳунаридан нажот топган Илҳом Орипов давлатимизнинг юксак мукофоти “Жасорат” медали билан тақдирланди.  

– Бу ҳаёт ва унда одамзодни турфа синов ва машаққатлар кутиши ҳеч кимга сир эмас, – дейди Илҳом Орипов. – Кишини ногирон-нотавон дея жамиятдан ажратиб қўйиш, унинг ҳақ-ҳуқуқи ва имкониятини чеклаш мутлақо нотўғри иш. Улардан беқиёс аҳамиятга эга ташаббус ва лойиҳалар чиқиши, бундан давлатимиз, барча бирдай манфаатдор бўлиши мумкинлигини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ, назаримда. Зотан, давлатимизнинг инсонпарвар сиёсати замирида ҳам юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг эмин-эркин яшаши, ўз имконияти ва истеъдодини тўлақонли намоён этиши мужассам.

Яқинда Илҳом Ориповни йўқлаб Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ва бошқа мутасаддилар Демун қишлоғига борди. Давлатимиз раҳбари назарига тушган бу камтарин ва камсуқум қаҳрамонимиз билан дилдан суҳбат қурилди. Сабр-матонат ва жасорат эгаси бўлган уста тикувчига замонавий тикув машинаси, яна рўзғор учун зарур жиҳозлар топширилди.  

– Кейинги йилларда Президентимиз эътиборларига тушиб, кўп рағбат ва  мукофотларга сазовор бўлдим, ана шу қўллаб-қувватлаш туфайли бугунга келиб электрон ҳаракатланадиган аравачамга ҳам эгаман, – дейди Илҳом Орипов. – Лекин сўнгги модель тикув машинкаси мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Сабаби бу менинг тириклигим воситаси, даромадим манбаи, зарур иш қуролимдир.

 

Зариф Комилов, ЎзА