Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Сабанжа шеър оқшомлари"да Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди
18:03 / 2025-06-29

Яқинда Туркиянинг Сакария вилоятида 24-Халқаро "Сабанжа шеър оқшомлари" фестивали бўлиб ўтди. 2001 йил ташкил этилган ушбу шеърият анжуманида шу пайтга қадар дунёнинг йигирмага яқин мамлакатларидан шоирлар қатнашган.

Халқаро мушоиранинг бу йилги кечаларида Ўзбекистон вакили бўлиб таниқли шоир Ғайрат Мажид иштирок этди.  

Шеър оқшомларининг очилишидан олдин Сакария вилояти раҳбари Юсуф Алемдар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид билан учрашиб, турк-ўзбек адабий алоқалари кейинги йилларда юқори босқичга кўтарилганини алоҳида эътироф этди.  

Ишончим комил, ўзбек шоирининг иштироки боис бу йилги шеър оқшомларимиз янада файзли бўлади, деди суҳбат давомида Сакария вилояти раҳбари.  

Ғайрат Мажид учрашув чоғида, икки давлат раҳбарининг олиб бораётган оқилона сиёсати сабаб, китобхонлик анжуманлари, адабий фестиваллар, китоб кўргазмалари мунтазам равишда бўлиб ўтаётганини айтиб ўтди.  

Шунингдек, Ғайрат Мажид, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан нашр этилган "Туркий адабиёт дурдоналари" 100 жилдлиги ҳамда Юнус Эмронинг "Ўлмас кўнгил", Махтумқули ва Чингиз Айтматовнинг "Танланган асарлар" сингари китоблари туркий халқнинг дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади, деди.  

Учрашув сўнгида Сакария вилояти раҳбари 24-Халқаро "Сабанжа шеър оқшомлари" фестивали фаолиятига муваффақият тилади.  

Тўрт кун давом этган мушоира кечалари унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Шеър оқшомларида ўзбек, турк, араб, форс ва бошқа тилларда манзумалар янгради. Янги дўстлар, янги шеърлар адабий алоқаларни шубҳасиз янги поғоналарга кўтаради.

Шу ўринда Сабанжа ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак, Сабанжа шаҳри Истанбулдан 130 км узоқликда жойлашган ўзимизнинг, Зомин, Шаҳрисабз, Китоб, Бўстонлиққа ўхшайдиган табиати гўзал маскандир. Шаҳар номи шу ердаги кўл номидан олинган. Сабанжа майдони 45 квадрат км, узунлиги 16 км, эни 5 км, чуқурлиги 52 метрдан иборат суви ширин кўл  ҳисобланади. Сабанжа шаҳар аҳолиси ичимлик сувини шу кўлдан олади.

ЎзА