Миллий олимпия қўмитаси томонидан "Токио-2020" якунларига ва 2022 йилги қитъа ўйинлари ҳамда 2024 йили ўтказилиши кутилаётган ёзги олимпия ўйинларига тайёргарликка бағишланган бу галги йиғилиш бошқалардан фарқли ўлароқ МОҚда эмас, республика енгил атлетика олий спорт маҳорати мактабида ташкил этилди.
Ўзбекистон енгил атлетикаси федерацияси раҳбари Андрей Абдувалиев 32-олимпия якунлари ва унда қатнашган спортчилар бўйича таҳлилий ҳисоботини тақдим этди.
Таҳлил борасида МОҚ раиси Р. Шоабдураҳмонов, МОҚ раиси ўринбосари Ш. Тошматов, туризм ва спорт вазири ўринбосари А. Каримов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Б. Махситов, хизмат кўрсатган спорт устози А. Нормуродов, мураббий ва мутахассислар ўз фикрларини билдиришди.
Қайсидир спортчимизнинг имконияти бўла туриб, кутилган натижага эришмаганлиги, умидли спортчимизнинг Токио енгил атлетика майдонида илк бор қатнашишига қарамай финалга чиққанлиги, енгил атлетикада Токио йўлланмалари сони кам бўлиб қолганлиги, олимпиада циклида нормативлар жуда баландлиги каби бир қанча омиллар санаб ўтилди.
Тақдимот давомида юртимизда ўтказиб келинаётган “Save Aral” ва “Navruz” халқаро марафонлари туфайли енгил атлетиканинг ҳамюртларимиз орасида оммавийлашгани таъкидланди. Лекин шундай шароитда халқаро майдондаги натижаларимиз мақтагулик эмаслиги ачинарли.
Бугунги кунда мамлакатимизда 16 минг 500 нафардан ошиқ ёш енгил атлетика билан мунтазам шуғулланади. Республикамизнинг 14 та ҳудудидаги олимпия захиралари коллежларида қарийб икки ярим минг нафардан зиёд бўлғуси профессионал спортчи енгил атлетика йўналишида таҳсил олади. Айтиш жоизки, кейинги йиллар давомида мазкур спорт мактабларида енгил атлетика бўлимлари ҳаддан ташқари қисқартириб юборилди. Бир пайтлари 50-60 нафар ўқувчи таҳсил олган олимпия коллежларида ҳозир 20 нафар атрофида бола ўқимоқда. Уларни саралаш, йўналтириш борасидаги ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Шундай вазиятда енгил атлетиканинг айрим йўналишларида маҳоратли спортчиларнинг етишмаслиги, баъзи спорт мактабларидан йиллар мобайнида битта бўлса-да, халқаро тоифадаги спортчи етишиб чиқмаганлиги бор ҳақиқат.
Мутахассисларнинг фикрича, давлатимиз томонидан олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш, йўлланмаларни қўлга киритиш борасида барча шарт-шароитлар яратиб берилган ҳолда керакли натижаларга эришмаслик олимпиадага тайёргарлик тўғри олиб борилмаганлигидан далолатдир.
Бундан ташқари, юртимиздаги мавжуд енгил атлетика мураббийларининг малакаси масаласи, уларга керакли шарт-шароитлар яратиш, рағбатлантириш борасидаги ишлар кўнгилдагидек эмас. Шунингдек, жойларда болалар ўртасида енгил атлетика мусобақаларини ўтказишга керакли маблағ ажратилмаслиги, рағбатнинг йўқлиги ҳам жаҳонда энг оммавий спорт тури бўлган енгил атлетика бўйича натижалар Ўзбекистонда тобора ортга кетишига “ёрдам бераётгани” сир эмас.
Сабаблар натижаларнинг ёмонлигига баҳона бўлолмайди. Тақдимотда Парижда бундай хатоликларга йўл қўймаслик учун иқтидорли спортчиларни аниқлаш, саралаш, ўқув-машғулотларни янгича тизим асосида ўтказиш, ҳар бир йўналишдаги йўлланмалар учун алоҳида-алоҳида ёндашиш, халқаро тажрибаларни жорий этиш, малакали мутахассисларни жалб қилиш лозимлиги айтилди.
Деярли икки соат давом этган йиғилишда "Париж-2024" учун 40 нафардан зиёд атлетлар қамраб олиниши айтилиб, уларнинг 30-35 нафари олимпия йўлланмаларига эга бўлиши бўйича иш олиб борилаётганлиги билдирилди...
Т. Рўзиев, ЎзА