Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Украина етакчиси Владимир Зеленскийдан “Грузия томонидан ушлаб турилган Украина фуқароси сифатида” Россия-Украина низоси доирасидаги фуқаролик асирлари рўйхатига киритишни сўради, деб хабар бермоқда “The Kyiv Independent” нашри.
– Мен аниқ биламан, украинлар ўз одамларини ташлаб қўймайди ва сизнинг ҳам шундай қилишингизни умид қиламан, - деди Сааакашвили.
У бу мурожаатини 12 ноябр куни касалхонадан қамоқхонага кўчирилганидан кейин йўллаган. Собиқ президент жазо муддатини 2034 йилгача ўташи кутилмоқда.
Аввалроқ, Киев Москва билан алмашинувлар чоғида украиналик асирларни озод қилишга муваффақ бўлганди. 2022 йил март ойида Сааакашвили қамоқхона ходимлари уни заҳарлаганликда айблаб чиқди.
Маълумот ўрнида: 2004-2007 ва 2008-2013 йилларда Грузия раҳбари бўлган Саакашвили мамлакатни Ғарб билан яқинлаштирмоқчи бўлган. Кейинчалик у Украина фуқаролигини олган ва маълум муддат Одесса вилояти губернатори бўлиб ишлаган, 2021 йилда яна Грузияга қайтган ва ҳибсга олинган.
Саакашвили ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ўзлаштириш ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланиб, алоҳида қарорлар билан судланган, лекин у айбловларни уйдирма ва сиёсий сабабларга кўра қўйилган, деб ҳисоблайди.
Зеленский бир неча бор Грузия расмийларини Саакашвилининг соғлиғи ёмонлашгани ва Украина фуқаролигига эгалигини таъкидлаб, уни озод қилишга чақирган.
Ў.Алимов, ЎзА