Саакашвили Грузияга кўпи билан икки йил бош вазир бўлишга тайёр эканини маълум қилди
Таниқли сиёсатчи Грузияни қутқариш учун ҳафтасига етти кун, 24 соатлик режимда ишлашга тайёр эканини ҳам қўшимча қилди.
Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили собиқ “Ягона миллий ҳаракат” партияси унинг номзодини мамлакат бош вазирлигига илгари суриш ҳақидаги режасини қўллаб-қувватлади ва кўпи билан икки йилга бош вазир бўлишга тайёр эканини билдирди.
Душанба куни Грузияда аввал ҳукуматни бошқарган, ҳозир мухолифат ҳисобланган "Ягона миллий ҳаракат" партияси агар парламент сайловларида ғалаба қилса, мамлакат бош вазирлигига ўзининг собиқ йўлбошчиси Михаил Саакашвили номзодини кўрсатишини маълум қилганди. Сайловлар 31 октябрда бўлиб ўтади.
"Миллий ҳаракат ва кўпчилик фуқаролар менинг Грузия бош вазири бўлишим билан боғлиқ масалани ўртага ташлаяпти. Бу ҳақда ҳозирча ўйлаяпман ва айтишим мумкинки, ушбу вазифани зиммамга олишга тайёрман. Бу менинг ҳокимиятга келишим ёки ҳокимиятни соғиниб қолганим учун эмас. Мен тўлиқ муддатга эмас, кўпи билан икки йилга бош вазир бўлишим мумкин. Зеро, Грузиянинг “ботқоқдан чиқиши ва жадал олдинга қараб интилиши” учун икки йил кифоя қилади”, - деди Саакашвили. Унинг ушбу чиқиши "Мтавари" телекомпанияси орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди.
Таниқли сиёсатчи Грузияни қутқариш учун ҳафтасига етти кун, 24 соатлик режимда ишлашга тайёр эканини ҳам қўшимча қилди.