English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
С5+1 саммити доирасида “John Deere” компанияси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
00:39 / 2025-11-07

Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг С5+1 форматидаги саммити доирасида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов “John Deere” компанияси вакиллари билан учрашди.

Мулоқот давомида компаниянинг Ўзбекистондаги инвестиция фаолияти, қишлоқ хўжалиги техникасини маҳаллийлаштириш, соҳага янгиланган технология жорий этиш ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар агротехника соҳасига сармоя миқдорини ошириш, маҳаллий корхоналар билан кооперацияни чуқурлаштириш ва ҳамкорликда янги лойиҳалар амалга оширишга келишиб олдилар. Шунингдек, рақамли ечим, “ақлли техника” кўмагида самарадорликни ошириш имконияти таҳлил қилинди.

Учрашув якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “John Deere” компанияси ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

–Президентимизнинг АҚШга ушбу ташрифи қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришини ривожлантириш учун ҳам улкан истиқбол очади, – деди вазир И.Абдураҳмонов. – Маълумки, Қўшма Штатлар фермер хўжаликлари, хусусий бизнес, шунингдек, механизация, фан ва инновацияни ривожлантиришда улкан тажрибага эга. Шундан келиб чиқиб, биз механизация соҳасидаги кўплаб ҳамкорлар билан учрашдик. Фермерларимиз юртимизда бир неча йилдан бери ишлаб келаётган “John Deere” компанияси механизация воситалари, тракторлари ва ускуналарини жуда қадрлайди. Шу боис, ҳамкорлар билан келишув асосида, диёримизда қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш мақсадида фермерларга арзон нархдаги битимлар тузиш имкони тақдим этилди, сунъий интеллект фаолиятига асосланган янги ускуналар таклиф қилинди.

Ҳамкорларимиз бизга ҳайдовчисиз бошқариладиган техника воситалари, автоматлаштирилган ускуналар ва бошқа қурилмалардан иборат кенг қамровли тўплам ҳақида маълумот берди.

Яна бир йўналиш – Вальмин компанияси билан сувни тежаш. Бу борада яйловда, даштда турли хил устки тузилмалар ўстириш, хусусан чорвачиликда фойдаланиш учун суғориш ускуналари етказиб бериш бўйича келишувга эришдик. Ҳозир, суғориш ускуналари бўлмаса-да, озуқа экинларига талаб юқори. Шунинг учун сувни тежайдиган технологияларнинг янги авлодини импорт қилишга келишиб олдик.

Масалан, бизда озуқа экинлари йўқ. Шунинг учун Шимолий Каролина университетидан чорвачилик учун жуда фойдали озуқа экинлари етиштириш бўйича маслаҳатчи-агроном ёлладик.

Таълим соҳасида ҳам яқиндан ишлаяпмиз. Яқинда бир неча талабани АҚШ университетларига йўлладик. Америкалик ҳамкасбларимизга университетни қишлоқ хўжалиги соҳасига йўналтиришни таклиф қилдик. Бир нечта олий ўқув юрти, Алабама ва Фанлар академияси каби илмий муассасалар, фермерлар учун тадқиқот ва таълим хизматини таклиф қиладиган давлат университетлари бор. Бундай тажрибани ўзлаштириш ва ўзимизда қўллашимиз керак. Ҳамкорлар бизни маслаҳатчилар билан таъминлайди.

Шунингдек, соя ўсимлиги билан боғлиқ бир неча йўналиш устида иш олиб бордик. Ушбу маҳсулот ривожланган чорвачилик учун жуда мос. Америкада жуда юқори сифатли соя уни ишлаб чиқарилади. Маълумки, соя етиштириш кўп сув талаб қилади. Демак, соя импорти нафақат чорва учун, балки иқлимни муҳофаза қилиш, сув ресурсларимизни тежаш учун ҳам жуда муҳим.

Пахтачилик соҳасида Америка брендларини мамлакатимизда оммалаштириш, шу тариқа АҚШ бозорига кириб бориш учун сифатли навлар ва янги турдаги пахта толаларини ўзлаштириш устида ишлаяпмиз.

Умуман, бундай товар айирбошлаш қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш, республикада фан, таълим ва инновацияни ривожлантириш учун улкан истиқбол тақдим этади.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА