Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
С5+1 Марказий Осиё дипломатияси тарихида муҳим босқич
21:45 / 2025-11-06

-

Халқаро майдондаги ҳаяжонли дақиқа

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Қўшма Штатлар раҳбарларининг С5+1 форматидаги тарихий саммитида  иштирок этиш учун Вашингтонда бўлиб турибди. Мазкур ташаббуснинг 10 йиллик юбилейига бағишланган бу галги учрашув кўлами, мавқеи ва ҳар бир иштирокчи давлатнинг минтақавий барқарорлик, халқлар фаровонлигини мустаҳкамлашга қатъий интилиши билан ажралиб туради.

С5+1 – шунчаки учрашув ёки маслаҳат институти эмас, балки беш давлатнинг  бирга ҳаракат қилиш, глобаллашув чақириқларига амалий жавоб излаш ва айни вақтда ҳар бир мамлакатнинг ўзига хослиги ва суверенитетини сақлашга қаратилган сиёсий иродасидир. Халқаро муносабатларнинг бундай меъморий ечимида Ўзбекистон ҳақли равишда етакчи экани ва жараёнда тобора мустаҳкам ўрин эгаллаётганини қайд этиш жоиз.

Формат манбалари: ҳаморлик ғояларининг пайдо бўлиши

С5+1 дипломатик платформасини ташкил қилиш ғояси 2015 йил, БМТ Бош Ассамблеяси 70-сессиясида пайдо бўлган. 26 сентябрь куни бўлиб ўтган учрашувда АҚШ давлат котиби Жон Керри ва Марказий Осиёнинг беш давлати ташқи ишлар вазирлари йиғилди. Ташаббусдан кўзланган асосий мақсад Вашингтон  ва Марказий Осиё пойтахтларига ўзаро ҳурмат ва ҳар бир  томоннинг суверенитетини эътироф этган ҳолда стратегик масалаларни муҳокама қилиш имконини берадиган кўп томонлама мулоқот механизмини яратишдан иборат эди.

Биринчи саммит 2015 йил 1 ноябрда Самарқандда бўлиб ўтди. Ташаббус кўтарилиши Қўшма Штатларнинг минтақадаги иштирокини мустаҳкамлаш, беш давлатнинг ташқи сиёсий алоқаларни диверсификация қилиб,  инвестиция, технология ва билимлардан фойдаланишга истагини акс эттирди.

Ўзбекистон: иштирокчидан – етакчиликка

Ўзбекистон Республикаси бошидан кун тартиби ва форматнинг амалий натижасини шакллантирувчи фаол куч сифатида майдонга чиқди. Минтақадаги барча тўрт қўшни мамлакат билан чегарадош республикамизнинг геосиёсий  жойлашуви  минтақавий ташаббусларнинг табиий мувофиқлаштирувчиси сифатидаги ролимизни белгилаб берди.

Маълумки, 2016 йилдан Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ташқи сиёсатимизда улкан ўзгаришлар юз берди. Мамлакат қўшнилар ва жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтирилган очиқ, кўп векторли йўлни танлади.

С5+1 доирасида Ўзбекистон ҳамкорликнинг асосий таркибий  қисмлари бўлган ташаббусларни илгари сурди: қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноатига халқаро стандартни жоий қилиш, муқобил транспорт йўналишларини ривожлантириш, яшил кун тартибни амалга ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш шулар жумласидан. 2023 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган давлат раҳбарлари биринчи саммити мулоқот платформасидан лойиҳаларни амалга ошириш майдончасига айланди.

Ҳамкорлик архитектураси

С5+1 формати ўн йил ичида учта ишчи гуруҳга асосланган тизимга айланди. Биринчиси Савдо ва инвестиция бўйича ҳадли битим орқали иқтисодий ҳамкорлик (ТИФА, 2004 йил)ни қамраб олади. Иккинчи ишчи гуруҳ  энергетика ва экологияга йўналтирилган. Учинчи гуруҳ терроризм ва экстремизга қарши курашиш орқали минтақавий хавфсизлик бўйича иш олиб боради.

Ўзбекистон ўзини мис, молибден, олтин, уран каби минераллар улкан захирасига эга, айни йўналишларни экологик ривожлантиришга интилаётган мамлакат сифатида намоён этмоқда. АҚШ билан ушбу соҳада имзоланган ўзаро англашув Меморандуми Вашингтон юртимиз салоҳиятини эътироф этганидан далолат.

Амалий ютуқлар

Ўн йилда формат аниқ лойиҳаларни амалга ошириш босқичига ўтди. 2022 йил С5+1 Котибиятининг доимий бюроси таъсис этилди.

“Power Central Asia” дастури инсон капиталини мустаҳкамлайди, B5+1 формати эса Америка ва Марказий Осиё ишбилармонлари, сармоядорлари ва  тадбиркорларини бирлаштиради. Америка тараққиёт корпорацияси (DFC) энергетика лойиҳалари, инфратузилма ва технологик стартапларга сармоя киритади.

Ўзбекистон трансформацияси

Ўзбекистоннинг С5+1 доирасидаги ютуқлари Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган чуқур ислоҳотлардан ажралмасдир. 2016 йилдан буён мамлакат марказий-режали иқтисодиётдан бозор типидаги иқтисодиётга ўтди.

Макроиқтисодий кўрсаткичлар диққатга сазовор. БМТ Барқарор ривожланиш  мақсадлари индекси 2015 йилдаги 48,6 дан  2025 йил 73,1 га кўтарилиб,  Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи ва дунёнинг 167 мамлакати орасида  62-ўринни эгаллади. Камбағаллик даражаси 2015 йилдаги 17,5 фоиздан 2024 йил 8,9 фоизга тушди. Бу  мамлакатимизга 2025 йил охирида  6 фоизли мақсадли кўрсатгичга эришиш имконини беради. Юртимизда жами 7,5 миллиондан ортиқ одам қашшоқликдан чиқди.

Таълим соҳаси “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг асосий элементи ҳисобланади. Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 74 фоизга кўтарилди, мактабгача таълим муассасалари сони 34 мингга етди.  Маҳаллалар тизимидаги ислоҳотлар ва Ягона ижтимоий реестр жорий қилиниши муҳтож оилаларга манзилли ёрдам кўрсатишни таъминламоқда.  Иқтисодиёт диверсификация қилиниши хом ашёга қарамликни камайтирди, туризм соҳаси устувор мавқега эга бўлиб, визасиз режимга эга мамлакатлар сонининг 9 тадан 93 тага етди.

С5+1 форматида Ўзбекистон

Ўзбекистон кўп векторли дипломатия тамойилига амал қилган ҳолда, формат кун тартибини тузишда фаол иштирок этмоқда. “Ўзбекистон-2030” стратегияси миллий манфаатларни ҳимоя қилган ҳолда, барча асосий халқаро  иштирокчилар билан алоқаларни бирлаштиради. Ўзбекистон минераллар, яшил энергетика ва муқобил транспорт йўлаклари бўйича ташаббусларни  илгари сурмоқда.

Муаммолар ва истиқбол

С5+1 формати аниқ муддати ва бюджети бўлган лойиҳалар орқали натижаларга эришишни тақозо қилади. Узоқ муддатли ҳамкорлик  муваффақияти кўп жиҳатдан фуқаролик жамияти ва хусусий секторни жалб қилишга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Келажакка назар 

Ўзбекистон Президентининг Вашингтонга ташрифи формат фаолиятида янги даврни бошлаб беради. АҚШ маъмурияти томонидан ташкил этилган Саммит  Марказий Осиё билан ҳамкорлик стратегик хусусиятга эгалигини кўрсатади.

Ўзбекистон учун бу инвестициялар бўйича янги келишувларга эришиш, қайта тикланувчи энергия технологиялари, рақамлаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятини билдиради. Минераллар соҳасидаги ривожланиш  республикамизни Ғарбнинг стратегик шеригига айлантириши мумкин. Муваффақият ҳужжатлар сони билан эмас, ўзбек халқининг турмуш даражаси яхшиланиши – бандлик, даромад, сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш орқали белгиланади.

Хулоса

С5+1 форматининг ўн йиллик тараққиёт йўли бугунги кунда ўзаро ҳурмат ва манфаатга асосланган амалий мулоқот қилиш муҳимлигини кўрсатди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли Ўзбекистон ўзини нафақат ушбу мулоқот иштирокчиси, балки кун тартибни  шакллантирувчи ва ривожланиш йўналишларини белгиловчи фаол меъмор сифатида намойиш эта олди.

Агар мамлакатлар келажакни кўра олса, аниқ мақсад йўлида қатъият билан ҳаракат қилса ва шериклар билан самарали ҳамкорликка тайёр бўлса, катта кучга айланишини тарих кўрсатди. Ўзбекистон мавжуд имкониятларни  амалий ютуқларга айлантира олишини намойиш этмоқда.

Марказий Осиё Қўшма Штатлар билан С5+1 формати доирасида ўзаро ҳамкорликнинг иккинчи ўн йиллигига қадам қўяркан, мазкур тузилма  минтақавий барқарор ривожланиш воситасига айланиши мумкинлиги аёнлашмоқда. Ўзбекистон учун бу бутун Марказий Осиё халқларига тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик келтирадиган минтақавий интеграция маркази сифатидаги аҳамиятини мустаҳкамлаш имкониятини англатади.

Ҳамкорликнинг янги босқичи остонасида, ўн йил олдин С5+1 формати асосига қўйилган конструктивлик руҳи нафақат ҳаётийлигини сақлаб қолди, балки янги куч олди. Демак, яқин йилларда Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги қўшниларимиз интилишларни тараққиётнинг аниқ натижасига айлантириб, минтақадаги барча халқлар ва жаҳон ҳамжамиятига наф келтира олишига бўлган ишончни мустаҳкамламоқда.

Абдуазиз Хидиров, ЎзА шарҳловчи