Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўзана юрак қўри, кўз нуридан яралади
19:47 / 2020-09-15

Онасини игнага ип ўтказиб, ҳумо қуши, товус тасвири туширилган оқ матога рангли иплар ёрдамида зеб бераётганини кўриб, кашта тикишга меҳри тушган.


Шўрчи туманининг «Ибн Сино» маҳалласида яшовчи ҳунарманд Ихлима Тошбоева болалигини жуда яхши эслайди.

Олис қишлоқ аёллари асосан ҳунармандчилик, чорвачилик билан шуғулланишарди.

Онасини игнага ип ўтказиб, ҳумо қуши, товус тасвири туширилган оқ матога рангли иплар ёрдамида зеб бераётганини кўриб, кашта тикишга меҳри тушган. Ўшанда эндигина саккиз ёшни қаршилаган Ихлима гул тикишга қанча ҳаракат қилмасин бунинг уддасидан чиқмасди. Ҳали қарасангиз қўлига ингна кириб, жони оғрир, яна қарасангиз ранглар мунтаносиблигини ажратолмасдан хато тикиб онасидан дакки эшитарди.

Ҳунар ўрганишга астойдил қизиққан қаҳрамонимиз болаларча иштиёқ билан кашта тикар, қийин бўлсада мақсади сари интиларди.

Ҳаракатчанлиги туфайли бугун Ихлима Тошбоева қўли гул ҳунармандга айланди.

– Момоларим Сурхондарё сўзана ва каштачилик мактабининг сир-синоатларини пухта ўзлаштиришган, – дейди Ихлима Тошбоева. – Менга эса бу ҳунарни онам ўргатганлар. Илк бор қўлимга игна тутганимда саккиз ёшда эдим. Шундан бери момомерос ҳунарим доимий ҳамроҳимга айланди. Гул тикиш, оқ матога тасвири туширилган нарсаларни худди аслидек ифодалаш жуда мураккаб. Ҳунармандчилик кишидан нозик дид, тасаввур, теран фикр ва ўзига хос ёндашувни талаб этади. 

photo_2020-09-15_20-46-23.jpg

Айниқса, рангларни уйғунлаштириш алоҳида маҳорат ва масъулият меҳнат талаб этади. Тайёрлаган маҳсулотларим кўнглимдагидек чиқса, барча чарчоқларим унутилади. Халқ оғзаки ижодиёти йўналишида қўшиқ ва лапарлар айтаётган ҳофизлар, шунингдек, раққосалар, фольклор-этнографик даста ижрочилари мен тайёрлаган каштали либосларни кийиб, саҳнага чиқишади. Ҳар гал уларни кўрганимда, юртимиз маданияти ва санъати ривожига ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман. Тайёрлаган маҳсулотларим кўплаб халқаро кўргазмаларда намойиш этилаётганидан қувонаман.

Дарҳақиқат, бугун қишлоқ аёллари касаначилик билан машғул бўлиб, уй-рўзғорларига ҳунарлари ортидан даромад олиб киришаётган бўлса, бир томондан ҳунармандчилигимиз равнақ топиб, унинг санъат асари даражасидаги намуналари бугун дунё аҳлини мафтун этмоқда.

Ўтмишда момоларимиз сўзана ва каштачиликнинг гўзал намуналарини тикишган. И.Тошбоева ана шу анъаналарни давом эттиряпти. Унинг турфа гуллар, бетакрор нақшлар тасвири туширилган асарлари халқ амалий санъати ихлосмандларини бефарқ қолдирмайди. Тасвирдаги табиийлик, нақшларнинг уйғунлигида самимий қалб ҳарорати акс эттирилгандек гўё.Юрак қўри, кўз нуридан яраладиган сўзана ва кашта тикиш сирларини бугун маҳалла ёшларига қунт билан ўргатаётган қаҳрамонимизнинг шогирдлари ҳам талайгина. Уларнинг қўлида жило топган сўзана ва кашталаримиз сифати, рангининг ёрқинлиги билан ажралиб туради.

– Момоларимиздан қолган ҳунарни ўрганиб, эъзозлаб эл орасида ҳурмат эътибор топдим,– сўзида давом этади қаҳрамонимиз. – Ёшларга бебаҳо миллий қадриятларимизнинг асл мазмун-моҳиятини тушунтирсам, шогирдларим ҳунаридан бахт топса дейман.Нозик, сирли ва мўъжизакор каштачилик санъатини ўрганаётган шогирдларимнинг миллий услубда тиккан бежирим нақшли деворий паннолари, кашталари харидорлар эътиборини тортмасдан қолмайди.

Қаҳрамонимизнинг шогирдлари билан биргаликда тиккан қўнғирот салла, тиллақош, гулдўзи дўппи, бўйин тупак, каштали болиш, шарақай гилам, жамалак, аёллар дўпписи ва тақинчоқларининг довруғи халқаро ташкилотлар – БМТ, ЮНEСКО томонидан эътироф этилиб, Япония, Австралия ҳамда Швейцарияда ўтказилган халқаро кўргазмаларда намойиш этилган.

Ҳунарманднинг меҳнати, изланишлари бесамар кетмади. Ихлима Тошбоева «Шуҳрат» медали билан тақдирланди

Нигина Шоева