Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўз қўллаш маҳорати билан ўзбек ўзлигини намойиш этиб туриши лозим
11:50 / 2019-10-09

Одам билан боғлиқ ҳодисалар орасида тилдай мураккаб, муҳташам ва муҳтарам бошқа бир ҳодиса йўқ.


Одам билан боғлиқ ҳодисалар орасида тилдай мураккаб, муҳташам ва муҳтарам бошқа бир ҳодиса йўқ. Тил инсониятга берилган энг буюк неъматлардан бири. Алишер Навоий ҳазратлари тўғри таъкидлаганидек, сўздек гавҳари шарифроқ йўқ. Муқаддаслиги учун ҳам у онага қиёс қилинади. Нима учун онага? Онага қиёс қилинганда, унинг нозик хилқат эканлиги, гўзаллиги, малоҳати, энг асосийси, доимо парвариш ва эътибор лозимлиги эътиборда тутилгандир, эҳтимол.

Макони, тарихи, маданияти, анъаналари ва тилига эга халқгина тўлақонли миллат бўла олади. Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ҳолат эса, ўз навбатида, ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади.

ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7–8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди.

Тарихдан маълумки, муайян халқнинг истило қилиниши натижасида, энг аввал, унинг тилига, маънавиятига дахл қилинади. Бундай вазиятларда тил бутунича йўқ қилинади, тиллар чатишуви юз беради ёки маҳаллий халқнинг тили ғолиб чиқади. Ўзбек тили худди халқимиз каби, қийин ва машаққатли тарихий йўлни босиб ўтган. Тилимиз қанчадан-қанча зуғумларни бошидан кечирган ва ўзлигини сақлаб қолган. Унинг бардавом бўлишига бугун ҳамманинг ишончи комил. Зеро, буюк тарихга эга бўлган тилимиз давлатимиз ҳимоясида.

Жорий йилда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлади. Бу давр ичида тилимиз букилган қаддини яна тиклаб олди, унда битилган нодир асарлар нашр қилинди, тилимиз дунёга бўй чўза бошлади. Энг асосийси, ўзбек тилида гапириш, мус¬тақил фикрлаш ва бундан фахрланиш туйғуси – дахлдорлик туйғуси шаклланди. Лекин бугунги кунда тилимиз эртасига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқарони ташвишга солаётган айрим ҳолатлар бор. Масалан, глобаллашув даврида чет тилларга бўлган эҳтиёжнинг нотўғри тушунилиши ўзбек тилининг бирмунча қадрсизланишига олиб келди.

Чет тилларни ўрганиш ҳамма замонларда ҳам юксак маданиятлилик белгиси бўлган. Буюк алломаларимиздан Хоразмий, Беруний, Алишер Навоий бир нечта тилни билган. Масалан, Форобий 60 дан ортиқ тилни билганлиги ҳақида маълумотлар бор. Бугунги кун ёшлари ҳам бир нечта тилда бемалол сўзлашмоқда, халқаро нуфузли мусобақа ва беллашувларда қатнашиб, юртимиз обрўсини дунёга кўз-кўз қилмоқда. Бу ҳолат ҳар биримизнинг қалбимизни ғурур ва ифтихорга тўлдиради, албатта. Лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидек, хорижий тилларни ўз она тилидан устун қўядиган айрим ватандошларимиз ҳам бор. Ҳар бир чет тили инсоннинг ўз она тили замирида ўрганилиши лозим. Шунда у ўз она тилида фикрлайди, хаёл суради, орзу-умидлари воқеланади. Она тилида фикрламайдиган инсон миллатнинг руҳини тушунмайди, миллатнинг руҳини тушунмаган инсон миллатнинг дардини, бахтини тушунмайди, унинг келажаги, истиқболи учун жонини фидо қила олмайди.

Биз эса ҳали тили чиқиб улгурмаган фарзандимизга ўзга тилда сўзлашувчи энага ёллаймиз, ўзга тилли боғчаларга берамиз, мактабларда ўқитамиз ёки шунга ҳаракат қиламиз. Чет тилларни, аниқ фанларни ўзлаштириши учун қўшимча дарсларга, ўқув марказларига олиб борамиз. Лекин она тили ва адабиёт фанини ўзлаштириши билан қизиқмаймиз. Аммо шундай шароитда ҳам ўзбек тилида равон ва чиройли гапирадиган, гўзал бадиий санъат асарларини яратаётган, миллатнинг дардини ҳис қила оладиган ватанпарвар ёшлар етишиб чиқмоқда. Бу миллатимизнинг буюклигидан, юртимизга Аллоҳнинг назари тушганидандир, балки.

Ўзбек халқи ўзининг гўзал лутфи, бетакрор сўз қўллаш санъати билан ҳар қанча ғурурланса арзийди. Буюк алломаларимиз, шоир ва адибларимиз, сўз усталаримиз, кайвони онахону отахонларимизнинг сўз қўллаш маҳорати ўзбекнинг ўзбеклигини белгиловчи асосий стереотиплардан бири бўлиб келган. Навоий ҳазратларининг сўз қўллаш маҳоратини бутун дунё тан олган. Сўз қўллашга ўта зийраклик билан ёндашган Афанди ҳам ўзбек халқининг миллий образидир. Сўз қўллашда таг маъноларга алоҳида эътибор қиладиган аския жанри ҳам фақат ўзбек халқига мансуб. Сўзга ўта эҳтиёткорона ёндашиш, ҳар бир айтилаётган сўзга нисбатан масъулиятни ҳис қилиш ўзбек миллати учун ўзига хос хусусиятлардан биридир.

Яқин ўтган даврда ҳам ҳар бир маҳаллада гўзал лутфга эга бўлган кайвони отахон ва онахонлар тўй ва бошқа маросимларни чиройли нутқ сўзлаб очиб берар, яхши тилаклар ила якунларди. Бир нечта инсонлар тўпланган жойларда ғазаллар ўқилган, баҳру байтлар бўлган, дос¬тонлар куйланган. Кечалари оила даврасида гўзал адабий суҳбатлар қурилган.

Халқимиз сўз қўллашга алоҳида эътибор қаратган, сўзнинг кучини, масъулиятини ҳар доим ҳис қила олган. Бу маданият тилимизда мавжуд бир қатор мақолу маталларда, ибораларда ўз аксини топган: Айтилган сўз – отилган ўқ, Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир...

Бугунги кунда бизга узоқ ўтмишдан мерос бўлиб келган сўзнинг масъулиятини ҳис қиляпмизми, равон ва ифодали назокат билан сўзлай оляпмизми, биз фарзандларимизга миллатимизга хос бўлган нутқ маданиятини мерос қилиб қолдира оламизми?

Бу каби муаммолар айни замонда кўпчиликни ташвишга солмоқда. Зеро, бугун “Ассалому алайкум” деган жумлани ҳам тўғри талаффуз қила олмайдиган ёшларимизнинг борлиги рост. Бирор тадбир ёхуд маросимда табрик учун сўз берилса, яқин одамига қалбида жўш уриб турган энг яхши тилакларини айтолмай, “юқоридагиларнинг фикрига қўшиламан”, деб қўя қоладиганлар қанча. Узоқ тунлар дарс қилиб, эртанги кунга бир олам умидлар боғлаб, жавоб бериш учун доска олдига чиққанда ҳаяжонланиб сўзлай олмаган, шундан сўнг умидлари пучга чиққан қанчадан-қанча фарзандларимиз кечалари телефондаги бемаъни ўйинларни ўйнаётгандир, балки. Бугун чет тилларда бемалол оиласи, дўстлари, ватани, қизиққан машғулоти, кун тартиби ҳақида гапира оладиган ўқувчилардан, ҳатто талабалардан шу мавзуларда ўз она тилида сўзлаб беришини сўрасак, аксарияти равон ва чиройли сўзлай олмайди.

Ў “инқиллайди”, ёки “а-алайди”. Чунки бу ҳақда ундан ҳеч ким шу пайтгача на боғчада, на мактабда, на уйда сўраган. Демак, қалбида ватанига, юртига, миллатига меҳри бор ҳар бир киши ҳеч бўлмаганда ўз фарзандлари билан оилада ўзбекча сўзлашиши, фарзанд¬ларини ҳам ўз она тилида равон гапиришига эришиши, тилимизнинг бор кўрку тароватини ўзининг авлодларига бус-бутун етказиши лозим.

Бунинг учун эса ижтимоий тармоқлар, сериаллар, гап-гаштакларга ажратаётган вақтимиздан озгина фарзанд¬ларимиз билан суҳбатлашишга ажратсак, уларни ҳам интернет оламидан одамлар оламига бироз жалб қила олсак, оғзаки нутқ маданияти ривожланишига ҳисса қўшган бўлардик. Зора, шунда улар ўзбек тилида ҳатто саломлашишни ҳам билмайдиган “юлдуз”ларга тақлид қилмасмиди.

Тилимиз ёзма шаклининг бугунги кундаги ҳолати, саводхонлик масаласи ҳам миллатимиз тақдирига бефарқ бўлмаган кўпчиликни ташвишга солаётгани рост. Биргина пойтахт кўчаларидан юрар эканмиз, қалбимизда икки хил қарама-қарши туйғулар кураш қилади. Бир томондан, Амир Темурнинг “Бизнинг кимлигимизни билмоқчи бўлсангиз, биз қурган иморатларга боқинг”, деган жумлалар келади-ю, бизни қуршаб турган маҳобатли бинолар каби бошимиз кўкка етади. Иккинчи томондан, кўчалардаги ёзувлардан дилимиз хуфтон бўлади. Шаҳарнинг марказий кўчаларидан юрсангиз, ўзингизни худди ғарбда юргандек ҳис қиласиз. Масалан, Навоий кўчасининг янги кўп қаватли бинолар қурилган ҳудудида ўзбекча пешлавҳаларни топишингиз амри маҳол. “Биз ўзбеклар шунчалик ҳам меҳмондўст бўламизми”, дейман ўзимга ўзим. Бу ғарбона ёзувлар чет элликлар учунми, ахир. Масалага бошқачароқ назар билан қараш керак, чоғи. Чет эллик меҳмонлар Ўзбекистонга ўзларини она юртидек ҳис қилиш учун келмайдилар-ку. Уларни кўҳна ва ҳамиша нав¬қирон юртимизнинг ўзига хосликлари чақирмадими? Улар тарих зарварақларида эртаклардек мадҳ этилган юртимизни ўз кўзлари билан кўриш учун, ўзларини Ўзбекистонда ҳис қилиш учун келмайдиларми?

Шаҳримиз кўчаларида ўзбек тилида ёзилган кўплаб ёзувлар дардингизга малҳам бўлиш ўрнига, хато ёзилган айрим пешлавҳалар уни янада кўпроқ тирнайди. Шундай пешлавҳа ва эълонлар борки, бир жумла ёки сўзнинг ўзида бир нечта хато мавжуд. Ачинарлиси, шундай қўпол хатолар учрайдики, уларда муаллиф назарда тутган маъно эмас, бошқа маъно англашилади. Меҳмоннинг ёки қўшнининг идиши чиқиб қол
са, “бировники, синмасин”, дея тепага авайлаб олиб қўйганимиздек, ҳар тугул ўзга тилларда ёзилган пешлавҳаларда хатолик¬лар кам учрайди.

Бир неча йилдан бери пойтахтимиз кўчаларида кишини қувонтирадиган янги лойиҳа амалга оширилдики, йўл ҳаракати қоидалари махсус кузатув камералари орқали назорат қилинмоқда. Хавфсизлик қоидаларини бузган ҳайдовчи ўзининг, машинадаги ва атроф¬дагиларнинг ҳаётига хавф солишини билади ва бунинг учун жарима тўлайди. Миллатимизнинг ҳар бир аъзосида неча минг асрлик қадимий тарихга эга меросимиз, миллат сифатида бор-йўқлигимизни белгиловчи муқаддас тилимиз учун ҳам худди кузатув камералари каби, дахлдорлик ҳисси мавжуд бўлса, унинг шонли тарихи сингари буюк келажаги ҳам бардавом бўларди.

Муҳайё ҲАКИМОВА,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат
ўзбек тили ва адабиёти университети доценти,
филология фанлари номзоди.
Манба: “Pоstda” газетаси