Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рустам Қосимжонов халқаро турнири бошланди
16:58 / 2023-03-28

Пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида Рустам Қосимжонов халқаро турнири бошланди.

Умумий соврин жамғармаси 70 минг АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг тантанали очилиш маросимида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон шахмат федерацияси мутасаддилари мамлакатимизда интеллектуал жиҳатдан салоҳиятли ёшларни камолга етказиш, уларнинг иқтидорларини намойиш этиш борасида зарур шарт-шароитлар яратилаётганини таъкидлади. 

Бу, ўтган йили юртимиз шахматчилари қўлга киритган ёрқин ғалабаларда акс этди. Қолаверса, ушбу турнир ҳам ушбу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми ҳамдир.  

Очилиш маросими давомида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоасига махсус соврин ҳамда маҳоратли шахматчимиз Нодирбек Абдусатторовга тегишли диплом тантанали топширилди.  

[gallery-11171]

Шундан сўнг халқаро турнирнинг “Мастерс” ва “Челленжер” гуруҳларига қуръа ташлаш маросими ташкил этилди. 

– Тошкентда ажойиб турнир бўлиб ўтаётгани учун ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман. Айниқса, мусобақа XVII жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов турнири сифатида ўтказилаётгани биз шахматчиларни беҳад шод этди. Мусобақада асосий рақибим сўзсиз Нодирбек Абдусатторов ҳисобланади. Бундан ташқари Рустам Қосимжонов ва Шахрияр Мамедьяров ҳам кучли шахматчилар саналади, – дейди халқаро турнир иштирокчиси нидерландиялик Жорден ван Форест.  

– Мазкур турнир менинг номим билан ўтказилаётганидан хурсандман. Чунки мусобақаларда ўзим ҳам иштирок этяпман. Айтишим керакки, ҳозирда юртимиз шахматчилари ҳар жиҳатдан халқаро майдонда муносиб натижаларни қайд этмоқда. Мана шундай турнирларнинг кўпайиши эса кучли шахматчилар сафи янада ортишига хизмат қилади, – дейди жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов.  

Турнир 9 турдан иборат бўлиб, бугун кун давомида 5-тур ўйинлари ўтказилади. Эртага эса ҳар икки гуруҳдаги қолган 4 та тур ўйинлари ташкил этилади.  

Т.Рўзиев, ЎзА