Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Рустам Қосимов замондошлари хотирасида” номли китобнинг тақдимоти ўтказилди
14:28 / 2025-09-04

Ватан равнақи, юрт фаровонлиги, ёш авлод камолоти йўлидаги садоқатли меҳнат доим қадрланади. Яхшилик, порлоқ хотира билан ёдга олинади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида таниқли давлат ва жамоат арбоби, шарқшунос олим, моҳир педагог ва дипломат Рустам Қосимов хотирасига бағишлаб “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган “Рустам Қосимов замондошлари хотирасида” китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Йиллар ўтади, лекин Рустам Қосимовдек Ватанга садоқатли ва фидойи, қалби пок инсонларни халқимиз ҳеч қачон унутмайди”, деган сўзлари анжуманнинг мақсад-мазмунини белгилаб берди.  

Агар ҳаёт бўлганида Рустам Қосимов бу йил табаррук 70 ёшни қаршилар эди. Ушбу қутлуғ сана арафасида нашр қилинган “Рустам Қосимов замондошлари хотирасида” номли мазкур тўпламдан таниқли давлат ва жамоат арбоблари, сенатор ва депутатлар, илм-фан, таълим, маданият ва санъат ходимлари, шоир ва адиблар, олимнинг яқин дўстлари, ҳамкасблари ва шогирдларининг ёдномалари ўрин олган.

Ушбу ёдномаларда Рустам Қосимовнинг ибратли умр йўли, самарали ижтимоий фаолияти, бетакрор инсоний фазилатлари, она юртга чин фарзандлик муҳаббати, талабчан ва жонкуяр устоз-мураббий сифатида ўнлаб шогирдларига кўрсатган меҳр-эътибори ҳамда ғамхўрликлари ёрқин ҳаётий воқеалар орқали очиб берилган бўлиб, китоб қаҳрамони камолга етган оилавий ва ижтимоий-маънавий муҳитни атрофлича акс эттириши билан катта тарбиявий аҳамиятга эга.  

Тадбирда Рустам Қосимовнинг эл-юртимиз олдидаги кўп йиллик самарали хизматлари, амалга оширган эзгу ва хайрли ишлари, гўзал инсоний фазилатлари эътироф этилди.  

Маълумки, истиқлол айёми арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан марҳум Рустам Қосимов “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланган эди.  

Тадбирда сўзга чиққан олимнинг умр йўлдоши Дилбар Тиллаева бу юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига яна бир бор миннатдорлик билдирди.  

Тадбир якунида иштирокчиларга “Рустам Қосимов замондошлари хотирасида” китоби тарқатилди.

Н.Усмонова,  

ЎзА