Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рустам Холматов: имкониятлардан фойдаланмаслик – келажакка хиёнат
21:14 / 2020-06-26

Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ўрта, ўрта-махсус ва олий таълим муассасаларининг бир гуруҳ иқтидорли битирувчилари билан учрашди.


Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ўрта, ўрта-махсус ва олий таълим муассасаларининг бир гуруҳ иқтидорли битирувчилари билан учрашди.

Мамлакатимизда ёшлар масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, сўнгги йилларда ёшларга қаратилаётган эътибор янада кучайиб, уларнинг пухта ва замонавий билим олиши, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, бандлигини таъминлаш, иқтидор ва салоҳиятини намоён этишлари учун шароит яратиш, бир сўз билан айтганда, ҳар томонлама етук авлод бўлиб вояга етишини таъминлаш масаласи кун тартибидаги долзарб вазифага айланди.

Президентимиз жорий йил 16 июнь куни хизмат кўрсатиш ва ички туризм соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида битирувчиларни ўқиш ва ишга жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, жумладан, «Қайси ҳоким бу масалада бош қотириб, битирувчилар билан шахсан учрашди? Ёш ўғил-қизларимиз эртага қаерга ва кимга иш сўраб мурожаат қилади? Ҳудудда улар учун иш ўринлари захираси шакллантирилганми?», дея саволлар қўйган, бу борадаги устувор вазифаларни белгилаб берган эди.

photo5452027444434415115.jpg

30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Нурафшон шаҳридаги вилоят «Ёшлар маркази»да ўтказилган мулоқотда айни йўналиш бўйича вилоятда олиб борилаётган ишлар, бу борада битирувчи ёшлар олдида турган муҳим вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

– Бу йил вилоятимиздаги умумтаълим мактабларининг 210 нафар битирувчиси олтин, 29 нафари эса кумуш медалга сазовор бўлди, – деди вилоят ҳокими. – Бу 35,5 минг нафардан зиёд битирувчилар учун жуда ҳам кам. Бу билан нима демоқчиман, деярлик барча мактабларимизда сизларнинг пухта билим олишингиз, замонавий лаборатория, турли фан, спорт ва бошқа тўгаракларда билим ва соғлигингизни мустаҳкамлашингиз учун барча шароитлар яратилган. Бундай имкониятдан фойдаланмаслик келажакка хиёнатдир. Модомики шундай экан, сизлардан илтимосим, аввало, вақтингиз тўғри тақсимлашни, ундан мақсадли фойдаланишга одатланинг, ёнингиздаги тенгдошларингиз, дўстларингизни ҳам ёнингизга олинг.

Вилоят ҳокими ёшлар билан мулоқотда шунингдек, бу йил умумтаълим мактаблари, ўрта-махсус ва олий таълим муассасаларини тамомлаётган 55 минг нафардан зиёд вилоят ёшларини таълимнинг кейинги босқичига қамраб олиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб, ёшлар учун тадбиркорлик, ўзини ўзи банд қилиш бўйича яқиндан ёрдам беришга доим тайёр эканини билдирди.

photo5452027444434415122.jpg

– Деярли ҳар куни вилоятимиз аҳолиси, тадбиркорлар турли масалалар бўйича мурожаат қилади, – деди вилоят раҳбари. – Лекин негадир мурожаатчилар орасида ёшлар кам. Ахир бу ёшда сизлар мустақил ҳаёт йўлингизни қураётган, бу йўлда энг кўп савол, таклиф ва ташаббус табиийки, сизларда бўлиши керак. Ҳар сешанба куни ҳокимлик тизимида ёшлар билан ишлаш куни. Келинг, бизларга тадбиркорлик, ўзини ўзи банд қилиш ва бошқа масалалар бўйича масала қўйинг, эшигимиз сизлар учун ҳамиша очиқ. Сизларнинг ташаббускорлигингизни кўрсам, хурсанд бўламан.

Учрашувда вилоят ҳокими ёшлар билан очиқ мулоқотга киришиб, уларнинг муаммо ва таклифларини ҳам тинглади. Битирувчи ёшлар томонидан Нурафшон шаҳрида замонавий кутубхона ва IТ маркази қуриш, вилоятда фаолият олиб бораётган ёш олимлар учун имтиёзли кредит асосида уйлар бериш, фаол ёшларнинг лидерлар кенгашини ташкил этиш каби таклифлар илгари сурилди.

Тадбирда битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар топширилди.