Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Русланбек Давлетов МДҲ Адлия вазирлари кенгашида иштирок этди
22:32 / 2019-11-28

Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Адлия вазирлари кенгашининг XIV йиғилиши бўлиб ўтди.


Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Адлия вазирлари кенгашининг XIV йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов илк бор тўлақонли аъзо сифатида иштирок этди.

Йиғилишда аҳолига давлат (маъмурий) хизматлари кўрсатиш механизмлари, фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш, коррупцияга қарши курашда вазирликлар ролини ошириш каби масалалар муҳокама этилди.

МДҲга аъзо давлатлар Адлия вазирлари кенгаши раиси, Беларусь адлия вазири Олег Слижевский Ўзбекистон томони ўзини минтақадаги энг фаол мамлакат сифатида намоён этгани, Ўзбекистоннинг Кенгашга аъзо бўлгани уни ривожлантиришга янги суръат ва туртки бағишлашини қайд этиб ўтди.

Р.Давлетов Ўзбекистонда ҳуқуқ ва адлия соҳаларида амалга оширилаётган сўнгги ўзгариш ва ислоҳотлар хусусида сўзлаб берди. Вазир йиғилиш иштирокчиларига фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, аҳолига давлат хизматлари ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, коррупцияга қарши курашга қаратилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар сони геометрик прогрессияда ортиб бораётгани қайд этилди. Ушбу марказлар орқали кўрсатилган хизматлар 10 миллиондан ошиб кетди.

Ўзбекистон бепул юридик ёрдамни ривожлантириш соҳасида муҳим қадам қўйди. Жорий йилнинг апрель ойида ишга туширилган “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали бунга мисолдир, унда ҳар ким онлайн тартибда бепул ҳуқуқий маслаҳат олиб, ҳуқуқ соҳасидаги турли саволларга жавоб олиши мумкин.

Адлия вазирлигининг Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардаги роли ошди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш амалиётга татбиқ этилди.

Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон адлия вазирлари ҳам ўз мамлакатларининг тажрибаси, мавжуд муаммолар ва имкониятлар тўғрисида сўзлаб берди.

Йиғилиш якунлари бўйича иштирокчилар МДҲга аъзо давлатлар Адлия вазирлари кенгашининг 15-йиғилишини 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигида Қирғизистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.