Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Руслан Нурудинов: "Мақсадим – "Рио-2016" Олипиадасидаги натижамни "Лос-Анжелес-2028"да такрорлаш"
14:47 / 2025-02-10

"Париж-2024" Олимпиадасида тарихий ғалабага эришган мамлакатимиз спортчилари 2028 йили АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарликни бошлаб юборди.

Хусусан, натижаларни янада яхшилаш юртимизнинг оғир атлетикачилари олдидаги энг катта мақсад саналади.

Хўш, "Лос-Анжелес-2028"да оғир атлетикачиларимизнинг натижалари қандай бўлади? Тайёргарлик машғулотлари қай тартибда олиб борилмоқда? Оғир атлетика спорт тури бўйича жаҳон ҳамда олимпияда чемпиони, “Ўзбекистон ифтихори” унвони соҳиби Руслан Нурудиновнинг Тошкент архитектура-қурилиш университети ёшлари билан учрашувида шу ҳақда сўз борди.

Профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этган учрашув қизғин савол- жавобларга бой бўлди. Тадбир давомида Руслан Нурудинов университетда таҳсил олаётган, спорт соҳасида ютуқларга эришиб келаётган талабаларга ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб берди.

– Ўтган йили Олимпия ўйинларида иштирок этмаган бўлсам-да, йил  омадли келди.  2024 йилнинг 6-15 декабрь кунлари Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида ўтган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида силтаб кўтариш ва икки курашда олтин медалларни қўлга киритдим. Умумий ҳисобда 424 килограммли тошни бўйсундириб, учинчи марта икки кураш бўйича жаҳон чемпионлигига эришдим. Ҳар бир инсон ният қилса, қалбан очиқ кўнгил билан истаса, сидқидилдан меҳнат қилса, мақсадига албатта, эришади. Жорий йилда ҳам қитъа ва жаҳон миқёсидаги натижаларимни янада яхшилашни мақсад қилганман. Ниятим – "Рио-2016" Олимпиадасида қайд этган кўрсаткичимни 2028 йилги Лос-Анжелес олимпиадасида такрорлаш. Ватанимиз байроғини янада юксалтириш, – дейди Руслан Нурудинов.

Дарҳақиқат, холис ният ижобат бўлади. Олимпия баҳслари олдидан дунё тан олган, жаҳон спорт майдонларида Ўзбекистон спортининг куч-қудратини намойиш этиб келаётган спортчиларнинг мактаб, маҳалла ҳамда олий ўқув юртлари ёшлари билан учрашувлари ташкил этилиши келгусида навқирон авлод вакиллари орасидан ҳам маҳоратли спортчилар етишиб чиқишига туртки беради. Энг муҳими, соғлом турмуш тарзи янада оммалашади.

Н.Раҳмонова, ЎзА