Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Rusatom Energy Projects” АЖ билан келишув имзоланди
17:01 / 2023-04-13

“Навоийуран” давлат корхонасининг Тошкент офисида Россия Федерациясининг “Росатом” давлат корпорацияси ҳузуридаги “Rusatom Energy Projects” АЖ вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Маълумки, Давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йилнинг 14 июлида “2022-2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унда уран хом ашёсини қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳажмини икки бараварга ошириш, шунингдек, нодир ва камёб металларни ажратиб олишда самарали технологияларни жорий этиш ҳамда уларни қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш бўйича вазифалар белгилаб берилган.  

Ушбу вазифаларни амалга ошириш ва халқаро тажрибани кенг миқёсда ишлаб чиқаришга татбиқ этиш мақсадида “Навоийуран” давлат корхонаси раҳбарияти томонидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, жаҳоннинг етакчи тармоқ компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда.  

Корхона Ахборот хизматининг хабар қилишича, мулоқотлар давомида келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари, ундан кутилаётган натижадорлик ва келгусидаги режалар муҳокама этилди.  

Дастлаб, корхона бош директори Жаҳонгир Ҳасанов меҳмонларга Президент қарори мазмун-моҳияти, корхонанинг уран саноатидаги илмий-техник салоҳияти, ишлаб чиқариш ҳажмларини икки бараварга ошириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.  

Ўз навбатида россиялик мутахассислар ҳам бу борада ўзларининг халқаро миқёсда тўплаган тажрибаларидан келиб чиқиб таклифларини билдирди.  

Мулоқот якунида ўзаро ҳамкорлик бўйича келишув имзоланди. Учрашувнинг кейинги босқичида ўзаро Англашув Меморандуми имзоланиши режалаштирилган.  

А.Бўриев, ЎзА