Рус тилига ўқитиш курсларига ўқитувчилар жалб қилинади
Мазкур ўқитувчилар вазирлик тасарруфидаги 25 та ўқув марказида ташкил этилган рус тили синфларига ишга жалб қилинади.
Хабарингиз бор, Россияда ишлаш истагида бўлган ва у ерда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига рус тилини ишчи мутахассислик бўйича ўқитиш, ўқув марказларидаги рус тили синфларига ўқитувчиларни тайёрлаш ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Россия Халқлар дўстлиги университети (РУДН) нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Россияда ишлаш истагидаги фуқароларни рус тилига ўқитиш ва зарурий касбларга тайёрлаш, Россия тарихи, қонунчилиги ва рус тили бўйича имтиҳон топшириб, сертификатга эга бўлиш имтиёзларини яратиш, вазирлик тасарруфидаги ўқув марказларида рус тили синфлари ташкил этиш, рус тили ўқитувчиларини жалб қилиш, тайёрлаш, малакасини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Унга кўра, жорий йилнинг 27 октябридан Россия Халқлар дўстлиги университети ўқув дастури асосида 500 нафар ўқитувчини ўқитиш бўйича 72 соатлик бепул семинар ўтказилиб, сертификатлар берилади.
Мазкур ўқитувчилар вазирлик тасарруфидаги 25 та ўқув марказида ташкил этилган рус тили синфларига ишга жалб қилинади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Россия Халқлар дўстлиги университети ва “World Skills Russia” ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандумига кўра, фуқаролар 25 та йўналишда касбга ўқитилади.
Меморандумга кўра, Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Екатеринбург, Қозон шаҳарларида рус тили ва касб-ҳунарларга ўқитиш бўйича гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, яқинда Новосибирск шаҳридаги ўқув марказини сантехника йўналиши бўйича тугатган 14 нафар фуқарога “World Skills Russia” сертификатлари берилди.
Бундан ташқари, келгусида Россиянинг ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари кўпроқ яшайдиган ҳудудларида ҳам рус тили ва касбга ўқитиш марказларини очиш режалаштирилган.