Румийни англаш бахти
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона маркази томонидан файласуф ва шоир Жалолиддин Румий фалсафасига бағишланган «Маснавийдан таралган ёғду» номли адабий кеча ўтказилди.

Унда «Маънавий маснавийдан ҳикоялар» ва «Маънавий маснавий» китобларининг тақдимоти ўтказилди. Асарлар таржимони, насрий баёни муаллифи Одил Икром ва китоблар муҳаррири, лойиҳа раҳбари шоира Ойдиннисо Йўлдошева ушбу асарларнинг бугунги ёш авлод учун қиймати, Румий фалсафаси ва уни англаш бахти хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. Таржима машаққати, насрий баёнчилик ҳақида сўз юритилди.

Қайд этилишича, китоблар Коня кутубхонасида сақланаётган энг мўътабар қўлёзма асосида илк бор форс ва ўзбек тилларида нашрга тайёрланган.

Тақдимот қизғин суҳбат ва савол жавобга бўй бўлди. Адабий кеча иштирокчиларига китоблар тақдим этилди.
Д.Маматова, ЎзА