French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Руминия билан ҳамкорлик IT-хизматлар экспортини ривожлантиришда муҳим қадам бўлади
16:38 / 2024-09-20

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Руминиянинг "Accesa" компанияси бош директори Андреа Марлиере ва молиявий директори Рарес Бреаз билан учрашув ўтказди.

2004 йилда Руминияда асос солинган "Accesa" компанияси дастурий таъминот ишлаб чиқиш, булутли ечимлар, автоматлаштириш, шунингдек, сунъий интеллект технологиялари ва рақамли иш ўринларига ихтисослашган. Ҳозирги кунда компанияда 1300 га яқин ходим меҳнат қилмоқда.

Жорий йилнинг июнь ойида "Accesa" вакиллари Ўзбекистоннинг давлат қўллаб-қувватлаш дастурлари, инфратузилмаси ва кадрлар салоҳиятини ўрганиш мақсадида юртимизга ташриф буюрганди.

Ташриф давомида улар ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун бир қатор компаниялар билан ҳам учрашувлар ўтказди. Олинган маълумотларни чуқур таҳлил қилгач, компания минтақанинг аутсорсинг салоҳиятига катта қизиқиш билдирди. Октябрь ойида Ўзбекистоннинг истиқболлари ва бизнес муҳитини янада ўрганиш мақсадида маҳаллий IT-компания билан ҳамкорликда тажриба лойиҳасини ишга туширишни режалаштирмоқда. Ушбу синов лойиҳасининг муваффақияти компаниянинг 2025 йилда мамлакатда кенг кўламли фаолиятини йўлга қўйиши учун пойдевор бўлиши мумкин.

Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон учун Европа бозорида IT-хизматлар экспортини ривожлантиришда муҳим қадам бўлади. Компания туфайли ўзбекистонлик мутахассислар халқаро лойиҳаларда ишлаш имкониятига эга бўлади. Бу эса уларнинг касбий малакасини янада оширади.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан масофавий ишлаш имконияти асосий афзалликка айланади. Бу эса бутун мамлакат бўйлаб кенг доирадаги мутахассисларга халқаро лойиҳаларга жалб этилиш имконини беради.

Н.Раҳмонова, ЎзА