Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Руҳиятнинг таржимаи ҳоли"
09:40 / 2023-12-19

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Икром Отамурод ижодига бағишланган “Руҳиятнинг таржимаи ҳоли” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид мамлакатимизда кечаётган маърифий янгиланиш жараёнлари, адабиётга кўрсатилаётган улкан эътибор қалам аҳлини фаол ижод қилишга ундаётганини таъкидлади. 

Филология фанлари доктори, мумтоз адабиётимиз билимдони Нурбой Жабборов, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф ва мазкур журнал бош муҳаррирининг ўринбосари Азиз Саид, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, филология фанлари номзодлари Тоҳиржон Шермуродов, Салима Жумаева забардаст шоир ижоди хусусида батафсил сўзлади. 

– Икром Отамурод омма учун ёзмайди, балки шеърни, сўзни тушунадиганлар учун ёзади, – деди устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев. – Унинг бор бойлиги сўздир. Мисраларини юракдан ҳис қилиш учун у билан бирга унинг ирмоғида оқиш лозим. Шеъриятда эса ўзига хос талаблари бор. Шоир ана шу жиҳатлари билан ҳам бошқа ижодкорлардан ажралиб туради. 

Тақдимоти бўлиб ўтган китоб ижодкор Икром Отамурод асарларига бағишланган. Унда шоирнинг бир қанча пурмаъно шеърлари таҳлил қилинган. Мисраларидаги мазмун-маъно изоҳлаб берилган. Ушбу тўплам “Янги китоб” нашриётида чоп этилган. 

– Икром ака ўзбек шеъриятида овози жаранглаб турадиган шоирлардан биридир, – деди адабиётшунос олим Нурбой Жабборов. – Адабиётда ўз ўрни, услубига эга. Айтиш лозимки, ижоди асл моҳиятга, асл илдизларга боғланган адиблар қаторидадир. Бу китоб бежизга “Руҳиятнинг таржимаи ҳоли”, деб номланмаган. Чунки ижодкор – руҳият шоири. Унинг асарларини қайта ва қайта ўқиганимда бунга иқрор бўлганман. 

Ушбу китобда адабиётшунос олимлар томонидан “кангул одами” ботинидаги тилсимлар ечилган, шеърлари моҳияти китобхонларга очиб берилган. Бу орқали муаллиф зеҳнияти ўқувчига тўла-тўкис намоён этилган. Шунингдек, тўпламдан шоирнинг битиклари, мақола-ёдномалари ҳам ўрин олган. 

Тадбирда сўзга чиққанлар Икром Отамуроднинг “Руҳимнинг қайғуси”, “Канглум, ўзинг” каби шеърий тўпламлари, “Истарим”, “Ёбондаги ёлғиз дарахт”, “Харитага тушмаган жой”, “Анинг умиди” каби достонларини алоҳида эътироф этди. Шоир шеърларидан ўқилди. 

Н.Усмонова, ЎзА