10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганига 31 йил тўлиши муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази ва тегишли вазирликлар ҳамкорлигида “Оламни маҳлиё айлаган диёр!” шиори остида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, шоир ва ёзувчилар, республика ва халқаро танловлар ҳамда спорт мусобақалари ғолиблари, рақс гуруҳлари, машҳур санъаткорлар, миллий-маданий марказлар вакиллари, Миллий гвардия қисмлари, фаол ёшлар, ОАВ вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Барча бу муқаддас қўшиқни баралла ижро этди. Ҳарбий қисм аскарлари, курсантлар ва “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари иштирокида ватанпарварлик мавзусида саф қўшиқлари ҳамда ҳарбий жанг санъати намуналари асосида саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов ва бошқалар “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган улуғвор ғояни шиор билган халқимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб бораётганини таъкидлади.

Сўнгги йилларда юз бераётган тарихий ўзгаришлар баробарида аҳолининг юрт тақдирига, унинг муқаддас рамзларига, элимизнинг эртаси, нурли келажагига бўлган муносабати ҳам ўзгариб бормоқда. Ўзгаришлар самараси ўлароқ, юртдошларимиз Ўзбекистоннинг эртанги кунига ишонмоқда.
Шу кунларда “Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун қабул қилинганининг 31 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётгани ҳам халқимиз қалбида Ватандан ғурурланиш туйғусини янада юксалтиришда, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамият касб этмоқда.
Бу галги байрам ҳар қачонгидан кенг кўламда, кўтаринки кайфиятда нишонланмоқда.

Шунингдек, мамлакатимиздаги барча ҳарбий қисмлар, ҳарбий билим юртлари ва бошқа ҳуқуқ-тартибот муассасаларида ҳам “Оламни маҳлиё айлаган диёр” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Ватан мадҳияси халқни бирлаштиришдек улуғ ва ғоят эзгу кучга эга. Уни куйлаганда барчамиз шу юрт тақдирига дахлдор, мана шу она тупроқнинг бир зарраси эканимизни дилдан ҳис қиламиз. Ватан қўшиғини, мадҳиямизни куйлаганда барчамиз қалбан бирлашамиз, Янги Ўзбекистон халқи буюк мақсад йўлида битта қалбга айланмоқда. Зеро, Президентимизнинг “Янги Ўзбекистонни бунёд этиш”, “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш” билан боғлиқ даъватлари ҳар биримизни янада ҳамҳижат бўлиб янги даврнинг бунёдкори бўлишга чорламоқда.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган куннинг 31 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ зиёлилар, маърифат тарғиботчилари “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Айтиш керакки, 2017 йилда Президентимиз ташаббуси билан Давлат мадҳияси матнини битган истеъдодли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов номини абадийлаштириш мақсадида Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди. Шоир ижодига халқимизнинг юксак ҳурмати рамзи сифатида пойтахтимиздаги муҳташам Адиблар хиёбонида Абдулла Орипов ҳайкали қад ростлади. 2016 йилда эса, мадҳиямиз мусиқаси муаллифи — Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурхонов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди.
Шу кунларда юртимизнинг аҳоли гавжум гўшалари янада чирой касб этиб, байрамона безатилди. Она юртимиз байроғи баланд кўтарилиб, давлат мадҳияси баралла янграмоқда. Ҳудудларда бўлиб ўтаётган байрам сайиллари, концерт дастурлари юртдошларимизга кўтаринки кайфият бағишламоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари ҳудудлардаги байрам тадбирларида иштирок этиб, “Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун, унинг мазмун-моҳияти, мадҳиямизнинг ҳаётбахш, руҳлантирувчи кучи ва айниқса, миллатимиз тарихидаги ўрни ҳақида маърузалар қилмоқда. Зеро, бу қўшиқ — жадид боболаримизнинг эзгу армонлари ижобати, миллий ғурур ва миллий руҳни ўзида мужассам этган буюк қўшиқдир. Бу қўшиқдан руҳимиз кўкка юксалади.
Дунё майдонларида спортчиларимиз юқори марраларни эгаллаб, шоҳсупага кўтарилиб, мадҳиямиз янграганда қалбимизни беҳад шукроналик ҳислари чулғаб олади, кўзимиз қувонч ёшларига тўлади. Зеро, ўз замонларида жаҳонни титратган буюк давлату салтанатлар қурган аждодларимизнинг шон-шуҳрати, шавкати ушбу қўшиқ сатрларида мужассамдир.
Ўзбекистон Республикаси мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга, миллий бирлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилади.
Мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кунга бағишланган маърифий тадбирлар, анжуманлар, ижодий лойиҳалар, мусиқий кечалар давом этмоқда.
Назокат Усмонова,
ЎзА