Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизмати янада ривожланади
17:56 / 2023-06-21

Муносабат

Баъзан “руҳим енгил тортди” ёки “руҳий тушкунликка тушиб қолганман” каби гаплар қулоққа чалинади. Руҳий касалликларга дучор бўлганларни ҳам биламиз. Бу мавзудаги фикрларни бежиз тилга олмаяпмиз.

Инсон руҳиятида эврилишлар даври давом этмоқда. Дунёда глобаллашув ва экологик инқирозларнинг юзага келаётгани инсон руҳиятига ҳам салбий таъсир этмоқда. Табиийки, бу жараёнлар руҳий касалликлар кўпайишига олиб келмоқда. Бундай касалликларни даволаш эса мураккаблиги билан алоҳида ажралиб туради.

Президентимизнинг 2023 йил 19 июндаги “Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани айни муддао бўлди. Чунки бугун аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини такомиллаштириш, руҳий ҳолат бузилишларини эрта аниқлаш, уларга ташхис қўйиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни даволаш сифатини ошириш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.

Қарорда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 1 июлдан бошлаб Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказини амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказига айлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилгани бу соҳадаги ишлар кўламини янада кенгайтиради. 

Аҳолининг руҳий саломатлигини мустаҳкамлашда илмий-амалий ишлар сифати яхшиланади, энг муҳими Марказ, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари тиббиёт олий, профессионал ва ўрта махсус таълим муассасаларининг тегишли кафедралари учун асосий клиник база сифатида фаолият юритади.

Қарорда яна бир ўта муҳим масалага эътибор қаратилган. Туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказининг туманлардаги бўлинмалари штатларини қисқартириш ҳисобидан тиббий психолог, стационар ўринга эга бўлмаган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва таркибида диспансер мавжуд бўлган руҳий касалликлар шифохоналарида – суицидолог, стационар ўринга эга бўлган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва руҳий касалликлар шифохоналарида – амалдаги штатлар доирасида қабул бўлими шифокори, навбатчи психиатр, тиббий психолог ёки психотерапевт штатлари жорий этиладиган бўлди. Бу албатта, руҳиятида ноқислик сезган аҳоли вакилларининг шундай касалликлардан холос бўлишида муҳим ўрин тутади.

Хуллас, ушбу қарор билан 2023 йил 1 июлдан бошлаб туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида фаолият юритаётган психиатр ҳамда психиатрия даволаш муассасаларида фаолият юритаётган психиатр, тиббий психолог, психотерапевт ҳамда суицидиологларнинг лавозим маошига устама миқдори 25 фоиздан 50 фоизга оширилиши замирида инсон қадрини улуғлашдек улуғвор мақсадлар мужассам.

Президентимизнинг мазкур қарорини ҳаётга кенг татбиқ этиш орқали бугун жамиятимиз ҳаётига рахна солаётган руҳий касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ишлари кўламини кенгайтиришга эришилади. 

Муҳими эса бундай хасталикларни бартараф этиш ва унга қарши курашишда ҳар биримиз ўзимизда масъулият ҳиссини сезишимиз лозим.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА