Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Розилигисиз бошқа лавозимга ўтказилган аёл адлияга мурожаат қилди
09:56 / 2022-02-07

Дилноза Усмонова «SIRDARYO IES» АЖда ишлайди. У жамият бош директорининг 2021 йил 17 ноябрдаги буйруғи билан Иссиқлик автоматикаси ва ўлчовлар цехининг 0,5 ставка ўқувчиси лавозимидан вақтинча Ёқилғи транспорт цехига насос ускуналари машинисти ўрганувчиси лавозимига тўлиқ ставкага ўтказилган эди.

Д.Усмонова энди тунгги вақтда ишлашига тўғри келарди. Лекин у бундай ноқулай шароитда ишлай олмайди, сабаби 2 ёшга тўлмаган фарзанди бор. 2020 йил 5 сентябрда туғилган фарзанди А.Усмонов ўткир ўнг томонлама бронхопневмония, нафас етишмовчилиги ташхиси билан доимий шифокор кузатувида.

Бу борада Д.Усмонова адлия кўмагига таянди. Шароит, мавжуд вазиятни тушунтириб ҳуқуқий ва амалий ёрдам сўради. Фуқаронинг ушбу ёзма мурожаати Сирдарё вилояти Ширин шаҳар адлия бўлими томонидан қонун талаблари асосида ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида фуқаро Д.Усмонованинг фарзанди 2 ёшга тўлмаганлиги, шаҳар тиббиёт бирлашмасининг кузатув хатига кўра ҳақиқатдан ҳам А.Усмонов ўткир хасталик билан касаллангани аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 227-моддасида Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёллар аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда, боласи икки ёшга тўлгунга қадар аввалги ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказилади, дейилган.

Бундан ташқари, 228-моддада Ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади, дейилган.

Юқоридагиларга асосаниб, адлия бўлими томонидан Д.Усмоновани бошқа лавозимга ўтказиш юзасидан «SIRDARYO IES» АЖга тақдимнома киритилди ҳамда Жамиятда ёқилғи транспорт цехи насос ускуналари машинисти ўрганувчиси лавозимида вақтинча ишлаб келаётган Д.Усмонова бошқа лавозимга ўтказилди.

Адлия кўмаги билан мурожаат қаноатлантирилди, энг муҳими бир аёлнинг, бир ходимнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинди.

Ш.Суяров, ЎзА