Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ростгўйлик ва ҳақиқатни шиор билган зот
09:08 / 2023-04-09

9 апрель — Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун

9 апрель мамлакатимиз, халқимиз ҳаёти учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган сана. Бу кун улуғ жаҳонгир бобомиз, давлат арбоби, тенгсиз саркарда Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун. Ҳар йили мамлакатимизда ушбу сана кенг нишонланади.

Буюк Соҳибқирон бобомиз улкан Темурийлар салтанатига асос солгани билан бирга илм-фан, маърифат,  маданият, меъморчилик, шаҳарсозлик ривожининг ҳомийси бўлгани тарихий манбалардан яхши маълум.

 Айни пайтда бундай юксалиш Шарқда иккинчи Ренессанс пойдеворини яратиш имконини бергани, жаҳон цивилизациясида муҳим ўрин эгаллагани билан ҳам аҳамиятлидир. Шу сабабли кўплаб алломалар, шоирлар, мутафаккирлар, мусаввир ва меъморлар, илм-фанда ўз сўзини айтган, йирик кашфиётлари билан башариятга танилган олимлар айнан шу даврда етишиб чиққан.

Жаҳонгир Темур бобомиз номи, унинг шиори, эзгу амаллари, фаолияти, ғоялари тўғрилик, ростгўйлик, мардлик, жасорат, қатъият, донишмандлик,  халоскорлик билан бевосита боғлиқдир. Зеро, бу тушунчалар бугун ҳам долзарб саналади.

Шу кунларда мамлакатимиздаги кўплаб  ўқув даргоҳлари, ҳарбий қисмлар, кутубхоналар, музейлар, санъат даргоҳларида бўлиб ўтаётган анжуманлар, маърифий тадбирлар, давра суҳбатларида, кўргазмаларда  Соҳибқирон бобомизнинг,  темурийлар салтанатининг дунё тарихидаги, инсоният цивилизациясидаги ўрни, унинг маънавий мероси, жаҳонгир аждодимиз ўгитларининг бугунги кундаги аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилмоқда. Демак, унинг ғоялари бугун ҳам долзарб ва барҳаётдир.

   Назокат Усмонова, ЎзА