“CNN” нашри ёзишича, АҚШ президенти Дональд Трамп россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан гаплашиб, Украинадаги йирик шаҳарлар, айниқса, Киевга бир ҳафта ичида ҳужумлар уюштирилмаслигини маълум қилган. Москва эса бу даъвони ҳозирча расман тасдиқламади.
Украина етакчиси Владимир Зеленский амалий ёрдам учун Трампга миннатдорлик билдириб, қаттиқ қиш шароитида энергия инфратузилмасини ҳимоя қилиш ҳаёт-мамот масаласи эканини таъкидлади. Унинг айтишича, бу масала Абу-Дабида Қўшма Штатлар, Украина ва РФ вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувларда муҳокама қилинган.
Музокаралар давом этаётганига қарамай, ҳудудий масалалар, хусусан, Донецк бўйича келишмовчиликлар ҳамон сақланиб қолмоқда. Айниқса, қаҳратон қиш ва энергия тармоқларига зарбалар Украинадаги вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
Россиянинг сўнгги зарбалари Киев ва бошқа йирик ҳудудларда электр таъминотида жиддий узилишларга олиб келгани айтилмоқда. Мамлакат Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, Одесса, Харьков ва Донецк вилоятларида ҳам кенг кўламли ўчишлар қайд этилган.
Экспертлар фикрича, агар ҳужумлар чиндан ҳам тўхтатилса, бу зиддиятни якунлаш йўлидаги илк реал қадам бўлиши мумкин. Шунга қарамай, расмий Кремлнинг сукути ва аввалги келишувлар бузилгани сабаб, украин жамиятида эҳтиёткорлик ва ишончсизлик сақланиб қолмоқда.
Саида Абдулазизова, ЎзА