Россиянинг UVT Aero авиакомпанияси Ўзбекистондаги парвозлар географиясини кенгайтиришни режалаштирмоқда, деб хабар беради «ТАСС» ахборот агентлиги авиакомпания бош директори Петр Трубаевнинг сўзларига таяниб.
Авиакомпания раҳбарининг сўзларига кўра, компания ҳар йили иккитадан бештагача янги йўналишларни очади, Қозондан Самарқандга қатновчи парвоз йўналиши эса, йўловчилар ўртасида энг барқарор йўналиш сифатида эътироф этилмоқда.
Авиаташувчи 2023 йил август ойида Ўзбекистонда парвозларни амалга ошириш учун рухсат олди, сентябрь ойидан бошлаб эса Bomardier CRJ-200 русумли самолётларида ҳар якшанба куни Қозон-Самарқанд-Қозон йўналиши бўйича қатновлар йўлга қўйилди.
UVT Aero ҳудудий авиакомпанияси 2015 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг бош қароргоҳи Қозон шаҳрида жойлашган. Компания Татаристон ва унинг атрофидаги вилоятлардан Россиянинг турли шаҳарларига, 2017 йилдан бошлаб эса хорижий давлатларга парвозларни амалга ошириб келмоқда. Компания авиапарки 2600 километргача бўлган масофани босиб ўтишга мўлжалланган Канаданинг CRJ-200 Bombardier самолётларидан иборат.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА