Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Россиянинг Суриядаги ҳарбий иштироки чекланмоқда
16:38 / 2026-01-27

Россия Сурия шимоли-шарқида жойлашган Қамишли аэропорти орқали ўзининг ушбу араб давлатида жойлашган ҳарбий кучларини босқичма-босқич олиб чиқа бошлади. Кремль 2019 йилдан буён қўшинини сақлаб келган бу ҳудуд Дамашқ ҳукумати курд кучлари назоратидан қайтариб олишга уринаётган мураккаб минтақа ҳисобланади.

Сўнгги ҳафталарда Президент Аҳмад Аш-Шараъ бошчилигидаги ҳукумат қўшинлари шимолий ва шарқий ҳудудларда сезиларли равишда олдинга силжиб, курдлар етакчилигидаги Сурия демократик кучлари назорат қилган майдонларни эгаллади. Томонлар ўртасидаги мўрт сулҳ шанба куни яна 15 кунга узайтирилди, аммо вазият ҳануз беқарор.

"Reuters" ёзишича, РФ ҳарбийлари техника ва оғир қуролларини мамлакат ғарбидаги Ҳмеймим авиабазасига кўчирмоқда, айрим бўлинмалар Москвага қайтиши ҳам мумкин. Кремль бу хабарларни ҳали изоҳлагани йўқ.

Умуман, Россия Суриядаги асосий таянчи — Ўрта ер денгизи бўйидаги ҳарбий-денгиз базаси ва Ҳмеймим авиабазасидан воз кечмоқчи эмас. Аҳмад Аш-Шараъ Москвага аввал тузилган барча келишувлар амалда қолишини айтган. Демак, ушбу икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик кўлами қисқараётган бўлса-да, бутунлай тугамайди.

Мусулмон Зиё, ЎзА