Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерацияси ва Шимолий Корея ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик шартномаси имзолангани муносабати билан РФ элчиси Георгий Зиновьевни маҳкамага чақиртирди. Бу ҳақда “Yonhap” агентлиги мамлакат ТИВ баёнотига асосланиб хабар берди.
– Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ким Хон Гюн элчига Жанубий Кореянинг Москва ва Пхеньян ўртасида имзоланган “ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги битим” бўйича позициясини етказди, – дейилган баёнотда.

“Ассошиэйтед Пресс” маълумотига кўра, мулозим дипломатга Сеул нуқтаи назарида КХДРнинг ҳарбий салоҳиятини оширишга бевосита ёки билвосита ёрдам берадиган ҳар қандай ҳамкорлик БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини бузиш эканини айтган.
Маълумки, Россия Президенти Владимир Путиннинг Шимолий Кореяга давлат ташрифи чоғида томонлар кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолади. Музокара пайти РФ раҳбари “иттифоқ” сўзини ишлатмаган, бироқ мазкур келишув орқали иштирокчилардан бири ҳужум содир бўлган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатиши назарда тутилганини таъкидлаган.

КХДР етакчиси Ким Чен Ин эса ҳужжатни “пакт” деб атади ва икки давлат ўртасидаги муносабат янги фаровонлик даврига кираётганини қайд этди.
– Агар томонлардан бири бошқа мамлакат ёки давлат гуруҳи томонидан қуролли ҳужумга учраса ёки уруш ҳолатига тушиб қолса, иккинчи томон ўз ихтиёрида бўлган барча воситалар билан, қонунларга мувофиқ ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатади, – дейилган шартнома матнида.
Б.Худойбердиев, ЎзА