Кеча Европа Иттифоқи раҳбарлари Брюсселдаги саммитда Россиянинг музлатилган активини Киевга ўтказиш масаласида келиша олмадилар. Шунга қарамасдан, улар Украина эҳтиёжини 2027 йилгача молиялаштиришга тайёрликларини тасдиқладилар. Бу ҳақда BBC ёзган.
“Reuters” мухбирлари танишган ҳужжатда ЕИ “2026-2027 йилларда Украина учун зарур молиявий, жумладан ҳарбий ва мудофаа билан боғлиқ эҳтиёж қондирилишини таъминлайди” деб ёзилган.
Асосий масала – РФ Марказий банки активини Киевга йўналтириш мавзуси ечими эса икки ойга кечиктирилди. Кейинги саммит 19 декабрга белгиланди.
Назаримизда, бу савол ижобий жавоб топиши учун айрим ҳуқуқий жиҳатлар изн бермаётган кўринади. Европа қонунларига кўра, руслар активи ҳарбий ҳаракат тўхтаб, уруш оқибатида юзага чиққан зарар қопланмагунча, бу пуллар айланмаслиги керак. Бельгия эса активдан фойдаланилган тақдирда юзага келадиган хавф-хатарни фақат ўз зиммасига олмаслик учун кўҳна қитъанинг бошқа давлатларидан кафолат хоҳлаяпти. Қарор 2 ой чўзилишининг сабаби шу.
Бельгия Бош вазири Барт де Вевер таклифга қарши чиқиб, мазкур лойиҳани тўхтатиш учун Европа даражасида ҳам, миллий, сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳам қўлидан келадиган саъй-ҳаракатни амалга оширишини айтди. Шунингдек, у ЕИ аъзоларини Россия томонидан эҳтимолий илгари суриладиган ҳар қандай суд иши учун масъулият ҳис этиш ва юзага келадиган харажатларни бўлишишга чақирди. Яъни, мабодо вақти келиб Европа бу пулларни Москвага қайтаришига тўғри келса, жавобгарлик барча аъзо давлатлар орасида тақсимланиши лозимлигини талаб қилган.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/i9yVSpdippY?si=1uHEGIj3M16ObJnp" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА