Россиянинг Кемерово шаҳрида трамвайлар иштирокида содир бўлган йўл тарнспорт ҳодисаси оқибатида 109 киши жароҳатланган. Бу ҳақда Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири ёрдамчиси Aлексей Кузнецов берган маълумотга таяниб, “ТAСС” хабар бермоқда.
“Тезкор маълумотларга кўра, Кузбассда трамвайлар билан содир бўлган бахтсиз ҳодисаларда 109 киши жабрланган, улардан 7 нафари болалар бўлган. 19 киши касалхонага ётқизилган, улардан 4 нафарининг аҳволи оғир. 29 киши зарур кўрикдан ўтказилмоқда, уларнинг аҳволидан келиб чиқиб, шифокорлар касалхонага ётқизиш ва жарроҳлик муолажалари зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилишади”, — дейди Кузнецов.
Ўз навбатида, шаҳар мэри Дмитрий Aнисимов ўзининг ижтимоий тармоқлардаги каналида шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, ЙТҲда жабрланганлардан бири вафот этгани ҳақида хабар берди. Томь дарёси устидаги иккита кўприкдан бири - Кузнецкий кўприги бошида Логовая шоссесида иккита трамвайнинг тўқнашуви содир бўлди. Россиянинг Кемерово вилояти бўйича тергов қўмитаси тўқнашув юзасидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Трамвай тўқнашувининг сабаблари тормоз бузилиши ва инсон хатоси бўлиши мумкин дейилмоқда.
ЎзА