Корхона тўлалигича тўғридан-тўғри ҳорижий инвестициялар ҳисобига қурилади. Натижада, 1000 дан зиёд иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Kari халқаро компанияси ва "Ўзчармсаноат" уюшмаси вакиллари ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг бу ҳақда маълум қилинди.
Kari халқаро компанияси 2012 йилда ташкил этилган. У Россиядаги пойабзал савдоси билан шуғулланадиган бешта энг йирик савдо тармоқларидан биридир. 2020 йил якунлари ҳолатига кўра, компания Россия, Беларусия, Украина, Қозоғистон, Польша ва бошқа мамлакатларнинг 300 дан ортиқ шаҳарларида 1 300 дан зиёд савдо шохобчаларига эга бўлган.
Шу тарзда, Kari компанияси ID Retailer рейтингида энг самарали ривожланаётган чакана тармоқлари орасида етакчи ўринларни эгаллайди, Россиянинг ўзида эса, энг илғор савдо тармоғи ҳисобланади. Шунингдек, компания франчайзинг асосида ҳам учта мамлакатда фаолият юритади. Ҳар йили Kari компаниясининг 1000 дан зиёд дўконларида 25 млн жуфтдан ортиқ пойабзал сотилади.
Музокаралар жараёнида Kari компанияси вакиллари Ўзбекистонда компания бренди пойабзалларини ишлаб чиқарадиган янги завод очишни режалаштираётганларини қайд этишди. Меҳмонлар мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити ва хорижий сармоядорларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдам туфайли бир йилда янги заводни ишга туширишлари мумкинлигига ишонч билдиришди.
Биринчи босқичда Ўзбекистонда очиладиган заводда 10 млн жуфт пойабзал ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Улар экспортга йўналтирилади. Корхона тўлалигича тўғридан-тўғри ҳорижий инвестициялар ҳисобига қурилади. Натижада, 1000 дан зиёд иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
Ишга тушириш жараёни билан бир вақтнинг ўзида, заводда маҳаллий мутахассисларни ўқитиш ҳам йўлга қўйилади. Шунингдек, тажрибали дизайнер ва усталар ҳам ишга жалб этилади.
Kari компанияси Ўзбекистонда нафақат табиий теридан, балки шунингдек, сифатли сунъий чармдан ҳам классик ва спорт оёқ кийимларини ишлаб чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Корхона энг замонавий ускуналар ва технологиялар билан жиҳозланади.
Шунингдек, суҳбат давомида ҳамкорликнинг келгуси истиқболларига оид ташкилий ва амалий масалалар ҳам муҳокама қилинди.