Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Россиянинг илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
15:55 / 2023-11-16

Тиббиёт хабарлари

Соғлиқни сақлаш вазирлигида Россия Федерациясининг Н.А.Семашко номидаги жамоат саломатлиги илмий-тадқиқот миллий институти директори Александр Зудин бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.  

Россиялик машҳур шифокор, соғлиқни сақлаш ташкилотчиси Николай Семашко томонидан яратилган тизимнинг самарадорлиги жаҳон миқёсида тан олинган. Ундан дунёнинг кўплаб мамлакатлари ўз миллий соғлиқни сақлаш моделини шакллантиришда асос сифатида фойдаланган.  

 

Соғлиқни сақлаш тизими бошқарувини марказлаштириш, тиббиётни халққа яқинлаштириш, оналар ва болалар саломатлиги, профилактика, касалликларни эрта аниқлаш, даволашнинг янги усулларини жорий этиш, аҳолини бепул тиббий хизматлар билан қамраб олиш ушбу тизимнинг асосий тамойилларидан ҳисобланади.  

Мамлакатимизда айнан бу борада кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.  

Учрашувда Н.А.Семашко номидаги жамоат саломатлиги илмий-тадқиқот миллий институти билан юқоридаги йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.  

***  

Хизмат сафари билан Москва шаҳрида бўлиб турган Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази делегацияси Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Дори воситаларини экспертиза қилиш илмий маркази” федерал давлат бюджет муассасаси бош директори вазифасини бажарувчиси Валентина Косенко бошчилигида муассаса вакиллари билан учрашди.  

Учрашув давомида мутахассисларимиз дори воситалари муомаласи соҳасидаги назорат қилувчи орган ҳамда унинг бўлинмалари фаолияти билан атрофлича танишиб, Россияда, шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқида тиббий маҳсулотлар муомаласида экспертиза ўтказиш ва қарорлар қабул қилиш тизими ҳамда бу борада Россия тажрибасини ўрганиш бўйича фикр алмашди.  

Шунингдек, томонлар “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” мутахассислари учун тажриба алмашиш ва амалиёт ўташ йўли билан Россия Федерациясининг тартибга солиш фаолиятидаги тажрибасини амалий ўрганиш имкониятларини муҳокама қилди.  

***  

Республика ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан ташкил қилинган Мобил клиника автолабораторияси Тошкент вилоятининг чекка ҳудудларида яшовчи аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида ўз хизматини бошлади.  

Мобил клиниканинг Чирчиқ шаҳри, Қибрай, Оҳангарон, Қуйи Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларининг чекка ҳудудлардаги фаолияти давомида умумий 4776 нафар фуқаро тиббий текширувдан ўтказилди. Улардан 676 фуқаро терапевт кўриги, 542 нафар фуқаро УТТ, 570 нафар аёл гинеколог кўриги, 132 нафар фуқаро ЭКГ текшируви билан, шунингдек, 2856 нафар фуқаро ОИВ, гепатитнинг В, турлари ҳамда захм касаллигини барвақт аниқлаш мақсадида экспресс усулида таҳлиллар билан қамраб олинди.  

Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан юқумли касалликларга қарши тарғибот тадбирлари олиб борилиб, аҳолига мавзуга оид буклет ва эслатмалар тарқатилди.  

Ушбу ўтказилган чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан кўзланган асосий мақсад аҳоли ўртасида юқумли касалликларни барвақт аниқлаш, фуқароларга қулайлик яратиш, беморларни тегишли мутахассисларга йўналтириш ва соғломлаштиришга эришишдан иборатдир.  

Моҳигул Қосимова тайёрлади

ЎзА