Россиянинг бошқа давлатларга берган қарзи 1999 йилдан буён энг юқори даражага чиқди
Россия ўтган йил мамлакатларга кредит беришни 1999 йилдан буён энг юқори даражагача ошириб, 28,86 миллиард долларга етказди. Айниқса, Бангладеш ва Мисрнинг қарзи кескин ошган. Беларусь ҳамон РФдан асосий қарздор бўлиб қолмоқда, дейилади “РИА Новости” Жаҳон банки маълумотига таяниб тайёрлаган таҳлилий мақолада.
Россиядан қарздор мамлакатлар сони ўтган йил 37 тага етди. Ушбу мамлакатларнинг Россия олдидаги қарзи жамланганда, тўққиз фоиз ошиб, 28,9 миллиард долларга етгани маълум бўлди. Бу 1999 йилдан буён энг юқори кўрсаткичдир. Ўшанда мазкур рақам 32,8 миллиард долларни ташкил этган.
Тегишли рўйхатни Беларусь бошқармоқда. Гарчи, бир йилда Беларуснинг қарзи 3 фоиз қисқарган бўлса-да, 8,2 миллиард долларлик миқдор бошқаларникидан анча кўп, деб ёзган мақола муаллифлари.
Иккинчи ўринда 5,9 миллиард доллар билан Бангладеш бормоқда, учинчи ўриндан Ҳиндистон жой олган. Ушбу давлатнинг Россия олдидаги қарзи 3,8 миллиард доллар. Тўртинчи ўринни 1,8 миллиард доллар қарз билан Миср, бешинчи ўринни 1,4 миллиард доллар билан Вьетнам эгаллаган.