АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида дунёнинг энг маҳоратли гроссмейстерлари иштирокида ўтказилаётган жаҳон чемпионтанинг рапид йўналишида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Эркаклар ўртасида уч кун давомида кечган 13 турдан иборат шиддатли курашлар натижасида ФИДЕ байроғи остида ҳаракатланган россиялик шахматчилар барчасидан омадли эканини амалда исботлашди.

Синдоровнинг мағлубияти Мурзинга омад келтирди
Ўтказилган 13 та турнинг 7 тасида ғалаба, 6 тасида дуранг натижа қайд этиб, 10 очко жамғаришга муваффақ бўлган 18 ёшли Володар Мурзин рапид йўналишида жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

Айтиш лозим, у жаҳон шахматида Нодирбек Абдусатторовдан кейинги энг ёш жаҳон чемпиони номига сазовор бўлди. Бундан уч йил муқаддам, яъни 2021 йили Нодирбек Абдусатторов 18 ёшида рапид йўналишида жаҳон шахмат тожига эга чиққан эди.

180 нафар маҳоратли шахматчилар қатнашган рапид беллашувларида кумуш ва бронза медаллари 9,5 очколи Александр Гришук ҳамда Ян Непомняшийга насиб этди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан энг яхши кўрсаткични Жавоҳир Синдоров қайд этди.
Синдоров ўтказилган 13 та турнинг 6 тасида ғалаба, 6 тасида дуранг, 1 тасида имкониятни бой берган ҳолда 9 очко билан ўйинлар сифати бўйича 6-ўриндан жой олди. Ҳамюртимиз сингари 6 нафар иштирокчи ҳам 9 очко жамғарди.

Жавоҳир Синдоров 11-турда Николас Теодороу билан дуранг қайд этди. 12-турда Андрей Волокитинни, охирги 13-турда польшалик таниқли гроссмейстер Ян-Криштоф Дудани мағлубиятга учратди.

Ҳамюртларимиздан Нодирбек Абдусатторов 7 та ғалаба, 2 та дуранг, 4 та мағлубият билан 8 очко эвазига 27-қаторни, Жаҳонгир Воҳидов 6 та ғалаба, 3 та дуранг, 4 та мағлубият ҳисобига 7,5 очко билан 48, Муҳиддин Мадаминов 7 та ғалаба, 6 та мағлубият ҳолатида 7 очко билан 86, Шамсиддин Воҳидов 4 та ғалаба, 3 та дуранг, 6 та мағлубият кўринишида 5,5 очко билан 131-поғонани банд этишди.
Ҳамдамова совриндорликка лойиқ эди, аммо...
Аёллар ўртасидаги баҳсларга тўхталадиган бўлсак, рапид йўналишида жаҳон чемпионлиги ҳиндистонлик Хампи Конеруга насиб этди.

У 11 та турнинг 7 тасида ғалаба, 3 тасида дуранг ва 1 тасида мағлубиятга учраб, 8,5 очкога эга бўлди. Ундан кейинги поғоналарни эгаллаган 7 нафар шахматчи қиз 8 очко жамғарди.
Натижалар кўрсаткичига кўра, кумуш ва бронза медаллари хитойлик Цзюй Вэньцзюнь ва ФИДЕ байроғи остида ҳаракатланган россиялик Катерина Лагнога насиб этди.
Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этган ҳамюртимиз Афруза Ҳамдамова рапид баҳсларини муваффақиятли ўтказгани натижаларда кўриниб турибди. У 11 та турнинг 6 тасида ғалабага эришган бўлса, 4 тасида дуранг ва 1 та ўйинда имкониятни бой берган тарзда 8 очко билан рапид баҳсларини 7-ўринда якунлади.

Жаҳон чемпионати низомига биноан бугун, 29 декабрь куни иштирокчилар учун дам олиш куни сифатида белгиланган.
Эртага 30 декабрь куни жаҳон чемпионатининг блиц баҳслари бўлиб ўтади. 31 декабрда эса чорак финал, ярим финал ҳамда финал мусобақалари ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлади.
Т.Рўзиев, ЎзА