Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Россиялик олигархлар”га Лондондан хавотирли хабарлар
19:15 / 2022-01-31

Куни кеча Россияга қарши санкция кескинлашуви асносида Англия пойтахти Лондонда россиялик олигархларга тегишли маблағларга санкция жорий қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатилган эди.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс “Sky News” эфирида чиқиш қилиб, “Биз ким, қандай сабабга кўра чеклов таъсирига олиниши бўйича батафсил маълумот бермаймиз. Санкцияга оид қонун доираси кенг қамровли, ҳеч ким бу жараёнга қарши бора олмайди”, деган эди.

Агар шу иш ҳақиқатан ҳам бўладиган бўлса, англиялик сармоядорларга бунинг таъсири йўқми. Албатта бўлади, чунки уларнинг кўпчилиги Россияда ҳам, ёки россиялик инвесторлар билан шерикликда фаолият олиб боради. Лекин, аввал иқтисод, кейин сиёсат дейилгани билан, баъзан сиёсат ҳам устиворлик касб этиб қолар экан. Масалан, Лиз Трасснинг ҳатто, қайсидир жиҳатдан британиялик инвесторларга зарар келтирса ҳам санкция қўлланади, дейиши ушбу фикрни яна бир бор тасдиқламоқда. У шунингдек, демократия ва эркинлик вақтинчалик молиявий манфаатдан муҳимроқ эканини ҳам таъкидлаган. Буюк Британия ташқи ишлар вазирлигининг ушбу баёноти Кремлни хавотирга соладими? Шубҳасиз. Буни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, “олигарх” лар билан боғлиқ тарқатилган ушбу хабар анча хавотирли.

"Бу Лондондан келган жуда хавотирли хабар. Ўйлашимча у нафақат биз учун, балки компанияларимиз учун ҳам хавотирли", – деган Песков.

"Бу ерда гап бизнесга бўлган очиқчасига ҳужум ҳақида бормоқда. Чунки, Россиянинг жуда кўп компанияларига стратегик шерик, стратегик ҳамсармоячи, ҳиссадор сифатида қаралади. Бу ҳужум Британия компанияларига ҳам қаратилган. Яъни амалда Буюк Британия ҳукумати ўзларининг бизнесига ҳам таҳдид қилмоқда", – деб қўшимча қилган Песков. Кремль вакилининг таъкидлашича, Лондон Европадаги вазиятни кескинлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Унинг таъкидлашича, агар Трасс баёнот бераётганидек, санкция жорий қилинса Кремль ҳам жавоб беришига тўғри келади. "Лондоннинг россияликлар бизнесига ҳужуми жавобсиз қолмайди, албатта. Улар Россиянинг манфаатларидан келиб чиқилган ҳолда шакллантирилади", – деди Песков.

Бундан аввал Буюк Британида чиқадиган Times газетаси ҳам расмий Лондон янги санкциялар тўплами доирасида “Кремль билан алоқаси бўлган” Россия компаниялари активларини музлатиб қўйишни мўлжаллаётгани ҳақида ёзган эди. Қолаверса, айрим бизнесменларнинг Европага сафари ҳам тақиқланади. Нашрнинг таъкидлашича, ушбу чоралар Москва учун “стратегик аҳамият касб этадиган” жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлади.

Лекин Лондоннинг ушбу баёноти пиар мақсадида қилинаётган бўлиши ҳам мумкин. Масалан, Россия президенти ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар бўйича Кенгаш аъзоси Богдан Безпальконинг фикрича, Буюк Британия ҳукумати Лондондаги “россиялик олигархлар” мулкини мусодара қилмайди, чунки бундай қарор Лондоннинг жаҳон молия пойтахти сифатида нуфузига зиён келтиради. Бундан ташқари, бу бюджет учун ҳам фойда бермайди, дейди у.

"Менинг фикримча, бу шунчаки пиар, медиакомпаниянинг бир қисми бўлишга қаратилган таҳдид. Амалда ушбу активларни ҳеч ким мусодара қилмайди", – деб ҳисобламоқда Безпалько.

Унинг таъкидлашича, Лондонда Россиядан келган тахминан 100 минг киши истиқомат қилади. Уларнинг орасида капиталларини ноқонуний йўл билан олиб чиқиб кетган ва жиноий қидирувда бўлган шахслар ҳам бор. Унинг қўшимча қилишича, россияликларнинг Лондондаги мулклари мусодара қилиниши билан боғлиқ хабарлар сўнгги 15 йил ичида бир неча бор тарқатилди. "Яна бир вариант шуки, “россиялик олигархлар”нинг мол-мулки ростдан ҳам мусодара қилиниши мумкин, лекин бу иш қандай бўлмасин, Россияга зарар келтириш мақсадида эмас, балки, шунчаки, Лондон ушбу активларни мусодара қилиш йўли билан ўзининг молиявий муаммоларини ҳал қилиб олмоқчи", – деган фикрни ҳам илгари сурмоқда Безпалько.

Бироқ воқеаларнинг бундай ривожланиши шубҳали, чунки шундай қилинса Лондон ноқонуний пулларга бошпана бўладиган шаҳар мақомини йўқотади ва шаҳарга сармоялар оқими тўхтайди, қўшимча қилди эксперт.

"Булар капитал оқими, булар инвестициялар, бу пуллар Лондон банкларида сақланади. Лондон – бу жаҳоннинг молия пойтахти, шу боис дунёнинг тўрт тарафидан оқиб келаётган пуллар ушбу шаҳарда учрашади ва у ердан турли лойиҳаларга йўналтирилиши мумкин. Кимдир Британиянинг қимматбаҳо қоғозларини сотиб олади, кимдир кўчмас мулк харид қилиб, унга солиқ тўлайди. Кимдир иш ўринлари яратади. Кўпчилик ресторан ёки дўкон сотиб олади. Улар бу ишни даромад топиш учун эмас, балки мамлакатнинг фуқаролигига эга бўлиш ва даромадларини қонунийлаштириб олиш учун қилади", – дейди эксперт.

С. Раҳимов, ЎзА.