Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида Россия Фанлар академияси аъзоси, стратегик бошқарув бўйича етакчи олим, профессор Владимир Квинтнинг ўзбек тилига таржима қилинган “Иқтисодий ва молиявий стратегия” дарслиги тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли анжуманда бир қатор йирик олимлар ва мутахассислар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Қувондиқ Санақулов, Россия Фанлар академияси аъзоси, профессор В.Квинт ва бошқалар сўзга чиқиб, Навоий шаҳрида ўтказилаётган анжуманнинг ўзаро илмий интеграцияни кучайтиришдаги ролини алоҳида таъкидлаган ҳолда дарсликнинг иқтисодий ривожланиш ҳамда стратегик фикрлашни шакллантиришдаги ўрни, амалий аҳамияти ҳақида сўз юритди.
[gallery-23434]
– Бу китоб бошқа мамлакатлар тилига ҳам таржима қилинган, Ўрта Осиёда эса биринчи бор таржима қилинди, – дейди Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети доценти Рисолат Исломова. – Китобдан фақат иқтисодчилар эмас, балки бошқарув соҳасида ҳам ишлаётган ходимлар ҳам фойдаланиши мумкин. Бошқарувчи муаммоларни ҳал қилишда ўзини тутиши, жисмоний ҳаракати, ақлий ривожланиши ва инсоний фазилатлари ҳақида кўплаб мулоҳазалар битилган. Бугунги кунда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилалар, ҳудудлар, муаммоларни ҳал қилишдаги чора-тадбирлар ўз стратегиясига эга. Яъни ишларнинг кетма-кетлиги ва бу билан қандай натижага эришиш йўллари мавжуд. Китоб ана шу каби режаларни тузишга ёрдам беради. Китобдан иқтисодчилар ҳам, шу йўналишда таҳсил олаётган магистрлар учун ҳам фойдаланса мақсадга мувофиқ бўларди.
Тадбир доирасида Москва давлат университети томонидан ташкил этилган танловда ғолибликни қўлга киритган бир гуруҳ Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети магистрлари ҳамда университет қошидаги академик лицей ўқувчилари – ёш стратеглар тақдирланди.
– “Иқтисодий ва молиявий стратегия” китоби муқаддимаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева, Москва давлат университети ректори, академик Виктор Садовничий ҳамда техника фанлари доктори, профессор Қувондиқ Санақуловнинг фикр-мулоҳазалари билан чоп этилгани асарнинг аҳамиятини бениҳоя юқори эканлигини кўрсатади, – дейди Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ректори Б.Мардонов. – “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ёш мутахассисларни тайёрлашда замонавий билим ва кўникмаларни ўргатиш масаласи алоҳида белгиланган. Ушбу ташаббус айни шундай долзарб вазифалар ижроси доирасида амалга оширилди. Дарсликда қайд этилганидек, ҳар бир раҳбар, ходим ёки талаба, ёш олим ва амалиётчига стратегик бошқарув санъатини ўрганиш, уни амалиётга жорий этиш бугунги глобал даврда ўта муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур тақдимот фақатгина янги дарсликни оммага таништириш эмас, балки иқтисодий стратегик тафаккурни чуқурлаштириш, халқаро илмий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ёш авлодга глобал даражадаги билимлар эшигини очиш сари ташланган муҳим қадамлардан биридир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XRf5UhnySC0" title="Rossiyalik akademikning kitobi o‘zbek tiliga tarjima qilindi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари