Россияга тегишлилиги тахмин қилинган дрон ҳалокатга учради
Туркия Мудофаа вазирлиги Қора денгиз соҳилида, Орду вилояти Уние қирғоқ шаҳарчасида Россияга қарашли экани тахмин қилинган дрон топилганини тасдиқлади.
Вазирлик вакили Оқтурк хабар беришича, дрон қулаган жой 10 февраль куни махсус кучлар гуруҳи томонидан аниқланган.
Расмийнинг сўзларига кўра, дастлабки техник экспертиза учоқда портловчи модда йўқлигини тасдиқлади. Бор маълумот ва дроннинг хусусиятига асосланиб, мутахассислар қурилма Россияда ишлаб чиқарилган, деб ҳисобламоқда.
Дарвоқе, ўтган йил декабрь ойида ҳам Туркия ҳаво мудофааси тизими уч дронни уриб туширган. 15 декабрь куни эса Ғ-16 қирувчи самолётлари Қора денгиздан мамлакат ҳаво ҳудудига яқинлашиб келаётган “номаълум” дронни тўхтатиб қолганди.
С.Раҳимов, ЎзА