Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига расмий ташрифи давомида эришилган натижалар ва ўзаро келишувлар мазмун-моҳияти муҳокама қилинди.
– Президентимизнинг Россия Федерациясига ташрифи бугунги халқаро ҳамжамиятдаги мураккаб шароитда мамлакатимиз манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан ўтказилган музокаралар натижасида муҳим қарорлар қабул қилинди ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган келишувларга эришилди. Ушбу ташриф савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳадаги ҳамкорлик масалаларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади, – деди фракция раҳбари Алишер Қодиров.
Шундан сўнг, йиғилиш кун тартибидаги бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Жумладан, “Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қайд этилдики, мазкур қонун лойиҳасида 2023 йил 16 мартда Анқара шаҳрида имзоланган Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағларини, Туркий инвестиция жамғармасидаги Ўзбекистон улушини Битимда назарда тутилган муддатларда шакллантириш, жумладан, унинг бошланғич капиталидаги 2 000 та акцияларга обуна бўлиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбаи этиб белгилаш назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Туркий инвестиция жамғармаси билан марказлаштирилган ҳамкорлик бўйича ваколатли орган этиб белгиланмоқда. Шунингдек, вазирликка Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли маблағларни ўтказиш бўйича йўриқномалар тақдим этиб бориш вазифаси юкланяпти. Шу билан бирга, Марказий банкни Туркий инвестиция жамғармаси аъзолари давлат валютаси ва бошқа активларини сақлаш мақсадлари учун депозитарий этиб белгилаш назарда тутилмоқда.
М.Комилова, ЎзА