Россия - Украина низоси бутун инсониятни ташвишга солмоқда. Ушбу воқеа сабаб рус давлатига нисбатан бир қатор иқтисодий чоралар киритилмоқда.
Аслида, санкция - жазо чораси маъносини англатади. 2012 йилдан буён Эронга қарши қўллаб келинган тадбирлар бугунги кунда Россия Федерациясини ташвишга солмоқда. Табиийки, бу санкциялар дунёнинг аксарият давлатлари, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам қисман салбий таъсир кўрсатади.
ЎзА мухбирининг Бизнес ва тадбиркорлик Олий мактаби кафедра мудири, иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқулов билан суҳбати айни шу мавзуга бағишланди.
Россияга қарши киритилаётган санкциялар қандай чекловларни назарда тутади?
- Россия Федерациясига қарши қўлланаётган санкция алоҳида мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг иқтисодий ва сиёсий мазмундаги чекловлари йиғиндиси бўлиб, бугунги кунда бутун дунёни хавотирга қўймоқда. Ғарб дунёси, Европа қитъасининг асосий қисми, АҚШ, Канада, Австралия, Япония, Швейцария ҳам Россияга қарши санкцияга қўшилган.
Ҳозиргача РФга қарши беш пакетдан иборат санкция жорий қилинди. Биринчи тўплам ғарб давлатлари томонидан 2022 йил 21-23 февраль кунлари, Украинанинг Донецк ва Луганск халқ республикаларининг Россия томонидан расман тан олиниши муносабати билан жорий қилинди. Бу рўйхатга Давлат думасининг 351 депутати, Мудофаа саноатига хизмат қиладиган икки банк – Внешторгбанк ва Промсвязбанк ва бошқа бир неча шахс киритилди.
Санкциянинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи пакети Россиянинг Украинадаги амалиёти муносабати билан жорий қилинди.
Россия 24 февралда ҳарбий ҳаракатни бошлади. 25 февраль тунда Европа Иттифоқи ҳукумат раҳбарлари шошилинч равишда саммитга йиғилди. Шундан сўнг Россияга нисбатан иккинчи бор санкция эълон қилинди. Сўнгра учинчи, тўртинчи босқичга ўтилди. 26 февралдан кучга кирган учинчи пакетга Буюк Британия ва Австралия қўшилди. Кейинроқ бешинчи тўплам ҳам жорий этилди.
Россия банкларининг SWIFTʼ халқаро тизимидан узилиши қандай оқибатга олиб келди?
- Россия мисли кўрилмаган санкция ҳақида аввалдан огоҳлантирилган эди. Шу тариқа ғарб давлатлари бирлашиб, РФ Марказий банки активларини музлатишга қарор қилди. Россиянинг жами банк активлари 70 фоизидан ортиғига эгалик қилувчи 7 банк SWIFT халқаро тизимидан узилди. Бунинг ортидан рубль тарихий энг паст даражага тушиб, доллар ва еврога нисбатан қийматини сезиларли даражада йўқотди. МБ қайта молиялаштириш ставкасини 9,5 фоиздан 20 фоизгача кўтарди. Натижада мамлакатга хорижий валюта кириши чекланди. Зеро, дунёда ягона халқаро тўлов воситаси бўлганушбу тизимнинг ҳозирга қадар муқобили йўқ.
SWIFT 1973 йил ташкил қилиниб, 1977 йилдан фаолиятини бошлаган. Банкларнинг ушбу тизимдан узилиши мамлакатга қаратилган сўнгги чора сифатида қўлланади. Эслатиб ўтиш жоиз, 2012 йил Эроннинг марказий ва тижорат банклари SWIFTдан узилган эди. Бу эрон халқи учун жуда кўп қийинчилик олиб келди. Мамлакат иқтисодий жиҳатдан таназзулга юз тутди, экспорт тушумининг 50 фоиздан ортиғини йўқотди.
Россияга қарши санкция давлат иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатади?
- Канада ер майдони катталиги бўйича дунёда Россиядан кейин иккинчи ўринда туради. АҚШ эса бу рўйхатда тўртинчи. Санкциянинг мамлакат иқтисодиётига яна бир жиддий хавфи сифатида Россия авиакомпаниялари самолётлари учун ЕИ, АҚШ ва Канада ҳаво йўли ёпилиши бўлди. Мазкур ҳудудлардан Россия самолётлари ҳозир нафақат учиб ўтолмайди, ҳатто, ёқилғи тўлдириш учун ҳам тўхтай олмайди.
Маълумки, дунёда энг арзон халқаро савдо транспорти – кема. Темир йўл ҳам сув транспорти ўрнини боса олмайди. Мисол учун, энг узун эшелон кўпи билан юз мингтагача стандарт контейнерни торта олади. Битта кемага эса 250 мингтагача стандарт контейнер ортилиши мумкин. Шу жиҳатдан денгиз транспорти энг қулай ва арзон ҳисобланади. Россия ташқи савдосини амалга оширишда асосий восита сув транспорти эди. Санкциянинг бешинчи пакетига кўра, Россия байроғи остида сузадиган кемаларнинг ЕИ ҳудудига кириши 2022 йил 16 апрелдан бошлаб тақиқланди.
Яна бир кескин чора Россияга самолётни сотиш, ҳаво кемаларини лизингга бериш ва бутловчи қисм етказиб бериш тўхтатилиши билан боғлиқ. Бу талаб РФ иқтисодиётига жиддий талафот кўрсатмай қолмайди. Шунингдек, Россиядан денгиз, ёғоч маҳсулотлари, спиртли ичимлик ва бошқа турдаги бир қатор Европа доимий равишда харид қилиб келган товарлар импорти ҳам чекланди. Россиядан кўмир импорт қилишга ҳам эмбарго қўйилди. Ҳолбуки, мамлакат дунёда кўмир етказиб бериш бўйича етакчи давлатлардан биридир.
Ҳозир ғарб давлатлари олтинчи босқич санкция устида иш олиб боряпти. Бу пакет Россия иқтисодиётини ҳолдан тойдириши аниқ, чунки айни жазо Россиядан нефть ва газ сотиб олмасликни кўзда тутади.
Европа Россия газисиз яшай олмайди, мазмунидаги фикрлар ҳам йўқ эмас, бироқ кўҳна қитъага зангори олов етказиб бериш истаги бўлган давлатлар ҳам талай. Бунда АҚШ, Қатар, Колумбия, Австралиядан газ олиб келиш муқобил вариант сифатида кун тартибида турибди. Муқобил етказиб берувчилар орқали таъминланса, газ нархи ошиши мумкин. Ҳар ҳолда, бу бутунлай чорасизлик, дегани эмас. Иқтисодий салоҳияти юқори бўлган ЕИ учун нарх ошиши фожиа эмас.
Санкция Ўзбекистонга қандай таъсир кўрсатади?
- Қўлланаётган жазо чоралари бутун дунёга, жумладан Ўзбекистонга ҳам салбий таъсир этиши аниқ. Ачинарлиси, бунга, қайсидир маънода, ўзимиз айбдор. Президентимиз томонидан ташқи савдони диверсификация қилиш бўйича кўплаб ташаббуслар, таклифлар илгари сурилган. Бу борада қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, лекин кўрсатмалар, деярли, бажарилмаяпти. Мисол учун, 2017 йил Ўзбекистоннинг 36 фоиз ташқи савдо айланмаси Россия ва Хитойга тўғри келган. 2021 йилда ҳам бу кўрсаткич, афсуски, ўзгармади. Ваҳоланки, ташқи савдони диверсификация қилиш орқалигина ушбу жараёндан зарар кўрмай чиқиб кетиш мумкин эди.
Маълумки, Россия дунё бозорига, асосан, нефть ва газ, темир, пўлат ва ёғоч экспорт қилиш бўйича етакчи. Бу маҳсулотларги таклифи камайиши глобал миқёсда нарх ошишига олиб келади. Ўзбекистон ҳам юқорида санаб ўтилган товарларни кўп миқдорда Россиядан импорт қилади. Низо чўзиладиган бўлса ва санкция юмшатилмаса, бизнинг ички бозоримизда ҳам Россиядан келадиган маҳсулотлар нархи ошади.
Шуни ҳам айтиш ўринли, санкциянинг олтинчи пакети қўлланса, вазият янада жиддий тус олади. Масалан, ҳозир Россия Сбербанкини“қора” рўйхатга киритиш масаласи кўриляпти. Сбербанк Россиядаги барча банк активларининг 37 фоизига эгалик қилади. Демак, келажакда Россиянинг аҳволи янада оғирлашиши мумкин. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг РФ билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиш имконияти пасайиб кетади.
Ўзбек мигрантлари деганда, беихтиёр, кўз ўнгимизга Россия келади. Ахир, меҳнат муҳожирларимизнинг аксарияти рус диёрида ишлайди-да! Санкциянинг уларга қандай таъсири бор?
- Дарҳақиқат, Россияга қарши қаратилган санкциянинг Ўзбекистон иқтисодиётига яна бир жиддий таъсир бор. Бугунги кунда беш миллиондан зиёд фуқароимиз Россияда меҳнат қиляпти. Юзага келган зиддият туфайли Россияда иш ўрни қисқармоқда. Бу жараёнда мамлакат биринчи навбатда ўз фуқароларини иш билан таъминлаши аниқ. Масалан, Россиянинг Калуга ва Тюмень вилоятларида мигрантларга савдо, умумий овқатланиш ва такси хизмати соҳасида ишлаш расман тақиқланди.
Масаланинг яна бир жиҳати бор: Россиядаги ҳамюртларимиз томонидан юборилаётган пул Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг, тахминан, 10 фоизига яқинини ташкил қилади. Оғир иқтисодий вазият сабаб пул оқими келиши кескин пасаяди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра, Россиядан мигрантлар қайтиши эҳтимоли сабаб, 18 давлат билан миграция масаласида музокара олиб бориляпти.
Иқтисодчи олим сифатида бутун дунёни ташвишга солиб турган бундай оғир вазият Ўзбекистон иқтисодиётига зарар етказмаслиги учун қандай таклифларни берган бўлар эдингиз?
- Маълумки, Ўзбекистон рус бозорига, асосан, пахта, автомобиль ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилади. Ҳозирги кенг кўламли санкциядан зарар кўришимиз аниқ. Агар тўловни доллар эмас, рублда қабул қилишга рози бўлган тақдиримизда ҳам Россияда иқтисодий вазият ёмонлашиши ҳисобига, барибир, экспорт ҳажми қисқаради.
Бундай вазиятдан камроқ зарар кўрган ҳолда чиқишнинг ягона йўли сифатида экспортни диверсификация қилиш ва тайёр маҳсулот экспортини рағбатлантириш лозим.
2021 йил Ўзбекистон жами экспорт тушумининг тўртдан бир қисми олтин сотиш орқали олинган валюта тушумига тўғри келди. Иқтисодчи сифатида буни салбий ҳолат, деб ўйлайман, чунки тилла қайта тикланмайдиган бойлик. Олтин ҳар қандай мамлакат учун оғир кунда ҳимоячи вазифасини ўтайдиган нодир металл, бойлик ҳисобланади. Юздан ортиқ давлатга маҳсулот экспорт қиладиган Ўзбекистон тўртдан бир улуш тушумни олтин сотиш орқали олиши, аслида, ачинарли. Иенимча, экспортни тизимли йўлга қўйиб, олтин сотишни чеклаш керак.
Хитой дунёда энг кўп олтин қазиб чиқарадиган мамлакат бўлиб, йилига 400 тонна олтин олади. АҚШ дунё бўйича энг катта олтин захирасига эга. Бу икки мамлакат олтин сотаётганлиги йўқ. Қозоғистон Марказий банки дунёда энг кўп олтин сотиб олаётган бешта Марказий банкнинг бири бўлиб турибди. Жаҳон олтин ташкилоти маълумотига кўра, Ўзбекистон эса февраль ойида 20 тонна олтин сотиб, дунёда биринчи ўринни эгаллади...
Донишманд халқимиз бежиз бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака кетади, демаган. Украинадаги нотинчлик туфайли жуда кўп инсон ҳаётдан кўз юммоқда. Мамлакатлар иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолмоқда. Ер юзида очарчилик, камбағаллик юзага келмоқда. Муаммоларнинг ягона ечими тинчликдир. Бутун дунёда осойишталик, фаровонлик ҳукм сурсагина, ривожланиш, иқтисодий ўсиш кузатилади. Зеро, марҳум адибимиз Ўткир Ҳошимов айтганидек, ер юзидa бўлaётгaн ҳaр қaндaй уруш – фoжиa...
ЎзА мухбири
Гўзал Сатторова ёзиб олди.