Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Россиядаги ватандошлар билан учрашувлар давом этмоқда
12:58 / 2022-08-27

Фарғона вилояти ҳокимлиги масъуллари ҳамда санъаткорлардан иборат делегация Россия Федерациясида юртдошларимиз билан учрашиб, мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллиги байрами арафасида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этмоқда. Шу билан биргаликда ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама этилмоқда.

Россиянинг Самара шаҳри ҳамда ушбу вилоятнинг йирик саноат маркази  Тольяттидаги тадбирлар ҳам кўтаринкилик билан ўтказилди. Самара вилояти Савдо-саноат палатасида маҳаллий маъмурият вакиллари ва ишбилармонлар билан учрашув самарали кечди Унда икки вилоят ўртасида қатор йўналишларда манфаатли ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйишга келишилди. 

Вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Акмал Пўлатов Фарғона вилоятидаги мономарказлар ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида иш берувчилар талабларидан келиб чиқиб барча касблар бўйича мутахассислар тайёрлаб бериш имконияти борлигини маълум қилди. Инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва миграция бўйича алоқаларни кенгайтиришга, хусусан, қурилиш соҳасида фаолият олиб борувчи компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди. Шу куни 300 нафарга яқин ўзбекистонлик фуқаролар меҳнат қилаётган “Самарский Стройфарфор” ҳамда 200 нафар ҳамюртларимиз фаолият олиб бораётган полиз экинлари етиштиришга ихтисослашган “Мост” корхоналарида бўлиб, ватандошларимиз ҳолидан хабар олинди. Уларга яратилган меҳнат шароитлари ва иш жараёнлари билан танишилди. Юртдошларимиз учун байрам дастурхони тузалиб, ош тарқатилди.

Самара шаҳрида “Ўзбекконцерт” вилоят бўлими санъаткорлари иштирокида концерт дастури ташкил этилди. Фарғоналик хонандалар ижросидаги Ватанни, севги-муҳаббатни тараннум этган куй-қўшиқлар, “Фарғона зеболари” рақс жамоасининг чиройли чиқишлари ҳамюртларимизга кўтаринки кайфият улашди.

Тольяттида Россиядаги энг йирик технопарклардан бири –“Жигулевская Долина” фаолияти билан танишилди. Бу ерда шаҳардаги ишбилармонлар ҳамда миграция соҳаси вакиллари иштирокида учрашув ташкил этилди. Унда “Қўқон” ва "Тольятти" иқтисодий зоналари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, IT йўналишида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди. Тольятти шаҳри маъмурияти томонидан Фарғона вилояти билан савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишга қизиқиш билдирилди. Шунингдек, "Автоваз", "Ferroni Engineering" ва "Сладости" каби Тольяттининг йирик корхоналари билан меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.

Мустақиллигимизнинг 31 йиллик тантаналарига бағишланган концерт дастури эса ҳудудда вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган юртдошларимиз ва мезбонларда бир олам таассурот қолдирди.

–Эътибордан хурсандмиз. Президентимизга раҳмат. Олдин бу ерлардан бундай тадбирлар ташкил этилмаган эди. Гўзал рақсларни кўриб, миллий куй-қўшиқларимизни эшитиб севинчимиз ичимизга сиғмай қолди. Халқимизни мустақиллигимизнинг 31 йиллиги билан чин қалбдан табриклаймиз, – дейишди хориждаги ватандошлар.

Фарғона вилояти делегациясининг Россияга ташрифи давом этмоқда.

М.Сулаймонов, ЎзА