Россия ҳукумати қонунчиликка меҳнат мигрантлари учун иқтисодий шартларни сезиларли даражада мураккаблаштириш назарда тутиладиган ўзгариш киритиш масаласини кўриб чиқди. Президент Владимир Путиннинг кўрсатмаси асосида Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа 2027 йилдан кучга киради.
Янги қоидага кўра, патент нафақат қимматлашади, балки тизимнинг қамров доираси ҳам кенгаяди. Энди нафақат корхоналарда, балки жисмоний шахсларнинг уй хизматида, ҳатто маиший эҳтиёж учун ишлаётган чет элликлар ҳам мажбурий патент тўлови амалга ошириши шарт бўлади.
Яна бир муҳим ўзгариш – мигрант қарамоғидаги шахслар учун белгиланган қўшимча тўлов. Агар вояга етмаган боласи ёки ишсиз қариндоши бўлса, патент эгаси ҳар бир оила аъзоси учун 50 фоиз қўшимча ҳақ тўлайди. Фарзанд 18 ёшга тўлгач, мустақил равишда патент расмийлаштириши ёки яшаши учун бошқа қонуний асос бўлмаса, мамлакатни тарк этиши талаб этилади.
Ҳозир базавий ойлик тўлов 1 200 рубль этиб белгиланган, минтақавий мезонлар ҳисобига бу сумма пойтахт Москвада тахминан 10 000, ҳатто айрим ҳудудларда 27 300 рублгача етиши мумкин.
Янги тартиб даромаднинг қатъий назоратини ҳам кўзда тутади: патентни узайтириш учун мигрантнинг соф даромади, ўзи ва оила аъзоларини ҳисобга олган ҳолда, яшаш учун зарур энг қуйи миқдордан кам бўлмаслиги шарт. Солиқ хизмати ҳар чоракда Ички ишлар вазирлигига мигрантлар даромади бўйича ҳисобот бериб боради. Бу ўзгаришлар тасдиқланса, Россияда меҳнат мигрантлари учун молиявий юк кескин ортади ва расмий даромадни яшириш имконияти йўқолади.
Фардона Яхшибоева, ЎзА