Россияда нефть қазиб олиш кўрсатгичи пасайди
Россияда нефть қазиб олиш ҳажми кетма-кет иккинчи ой пасайди, деб ёзмоқда “Bloomberg” нашри. Таъкидланишича, бу ҳолат АҚШ санкциялари кучайиши ва Осиё бозорларида, айниқса, Ҳиндистонда талаб қисқариши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
РФ расмийлари нефть ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмлари бўйича маълумотларни ёпиқ ҳолатга ўтказган. Бироқ “Bloomberg” манбасига кўра, январь ойида мамлакатда кунига ўртача 9,28 миллион баррель нефть қазиб олинган. Бу кўрсаткич декабрь ойига нисбатан 40 минг баррелга, OPEC (Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти) билан келишилган квотадан эса тахминан 300 минг баррелга кам.
Д.Ҳакимов, ЎзА